Ўзбекистон Кобул шаҳрида содир этилган ва кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган террористик хуружларни қатъиян қоралайди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

«Афғонистондаги барча томонларни миллий ярашув ва келишувга эришиш, кўп миллатли Афғонистон халқи манфаатлари йўлида мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида босиқлик ва конструктив ёндошув намоён этишга чорлаймиз», — дейилади ТИВ баёнотида.

Хабарда шунингдек, ушбу шафқатсиз ҳужумларда қурбон бўлганлар ва жабр кўрганларнинг оилаларига ҳамдардлик ҳам изҳор этилган.

«Ўзбекистон бундан кейин ҳам афғонлараро сиёсий жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, Афғонистонда тинчлик-осойишталик ва фаровонликка эришишда кенг кўламли ёрдам кўрсатишда давом этади», — дейилади унда.

New York Times ва CNN маълумотларига кўра, Кобулдаги худкушлик портлашларида 170 га яқин киши, жумладан 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. 200 дан ортиқ шахс жароҳатланган. «Ислом давлати» Афғонистон пойтахтида содир бўлган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. АҚШ президенти Жо Байден улар қаерда бўлишидан қатъий назар ИД раҳбарлари ва объектларига қарата зарба беришни буюрди.