Uzbekistan Airways авиакомпанияси гибрид моделга асосланган авиаташувларни йўлга қўймоқда, дея хабар берди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Янги моделдаги авиаташувлар «Uzbekistan Express» номи остида авиакомпаниядаги мавжуд линияларда парвозларни амалга оширади.

Uzbekistan Express республика ичидаги ва минтақалараро авиаташувларга ихтисослашади. Илк парвоз 30 август куни «тўлиқ иқтисодий класс»га (эконом) ўтказилган Airbus А320 ҳаво кемасида Тошкент-Москва-Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилади.

Ушбу модель бўйича келажакдаги парвозлар маршрути Россия ва Қоғозистоннинг муҳим шаҳарларини қамраб олади: Москва, Новосибирск, Қозон, Ростов-на-Дону, Краснодар, Сочи, Минерал Сувлар, Екатеринбург, шунингдек Оқтоу ва Оқтўбе.

Компаниянинг аниқлик киритишича, айнан бизнесс-классга талаб кучли бўлмаган йўналишларда ҳаво кемалари модификация қилинади ва йўлга қўйилади. Янгиланган ҳаво кемаларнинг сиғими кенгайганлиги сабабли Uzbekistan Airways қайта жиҳозланган авиалайнерлар учувчи айрим йўналишлар учун тарифларни 20%га арзонлаштиради, дейилади хабарда.

Ҳозирда Uzbekistan Airways флотида иккита қайта жиҳозланган ҳаво кемалари мавжуд. Бироқ, яқин орада яна иккита самолётни реконфигурация қилиш режалаштирилган.

«Бугуннинг ўзида Uzbekistan Airways овқат тақдим қилмайдиган ва бепул юк ўтказиш имкониятини бермайдиган, шунингдек рейсдан олдин ва кейин чиптани қайтариш имконияти бўлмаган классик лоукост-ташувчиларга қараганда энг қулай шароитларни яратган», — дея таъкидлайди компания матбуот хизмати.

Гибрид моделдаги авиаташувлар фаолияти бошланиши билан юқорида таъкидлаб ўтилган линиялар бўйича қоидалар жорий қилинмоқда.

Юк олиб ўтиш ва авиачипталарни қайтариш имконияти бўлган тарифларда юк олиб ўтиш нормаси қуйидагича:

  • 1 та юк жойи — 15 кгдан юқори бўлмаган ва учта ўлчов суммаси бўйича 158 см;
  • 1 та юк жойи — 2 ёшгача бўлган ва ҳаво кемасида жой олмайдиган болалар учун 5 кгдан юқори бўлмаган ва учта ўлчов суммаси бўйича 115 см.

Юк олиб ўтиш ва авиачипталарни қайтариб бериш шартлари бўлмаган тарифлар учун бепул юк олиб ўтиб бўлмайди.

Қайтариш:

  • рейс учишидан олдин YQ йиғими (ёқилғи учун йиғим) ва авиаташувнинг фойдаланилмаган ҳудудлари бўйича чоп этилган аэропорт йиғимлари,
  • рейс учганидан сўнг фақатгина авиаташувнинг фойдаланилмаган ҳудудлари бўйича чоп этилган аэропорт йиғимларини қайтариш мумкин;

Қайта брон қилиш/қайта расмийлаштириш:

  • рейс учишидан олдин — белгиланган йиғимни тўлаш шарти билан рухсат берилади;
  • рейс учганидан сўнг — таъқиқланган.

Барча тарифлар учун қўл юкини олиб ўтиш нормаси мавжуд:

  • 1 та жой (5 кггача ва учта ўлчов суммаси бўйича 115 см).

Uzbekistan Express авиачипталарини uzairways.com расмий сайтида, Uzbekistan Airways Sales филиалларида ёки авиакомпания агентларидан харид қилиш мумкин.