Маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг қариндошлари билан қисқа муддатли учрашувларига эпидемик вазият сабаб қўйилган чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2021 йил июль ойида жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга қариндошлари билан узоқ муддатли учрашув берилиши вақтинча тўхтатилган эди.

Кейинчалик мамлакатдаги эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, улар ўртасида коронавирус тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли учрашув берилишини вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги таклифлар ҳам маъқулланганди, дея эслатиб ўтди ССВ.

Cўнгги кунларда мамлакатимиздаги эпидемик ҳолат барқарорлашаётганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси томонидан жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар билан қисқа муддатли учрашувга қўйилган вақтинчалик тақиқлар бекор қилинди, дейилади хабарда.