Ўзбекистон президентлигига сайловларда биринчи маротаба иштирок этаётган Экологик партия сьездида Нарзулла Обломуродовни ўз номзоди сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сьезд давомида Нарзулла Обломуродов сайловолди дастурини эълон қилди. «Газета.uz» ушбу дастурнинг муҳим жойларини келтиради.

«Биз мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадини олдимизга қўйдик», — деди Нарзулла Обломуродов.

Партия сайловолди дастури «Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остида бўлиб, унинг бош мақсади — мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари ҳамда фаровон жамият барпо этишдан иборат бўлади.

Партия дастури еттита йўналишдан иборат.

Биринчи йўналиш. «Яшил тараққиёт — фаровонлик асоси!» шиори остида яшил иқтисодиётни ривожлантириш

«Ўзбекистон 2019 йилда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси»ни қабул қилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас», — деди Экопартия етакчиси.

Ушбу ғояни амалга оширишда партия устувор вазифалар этиб қуйидагиларни белгилаган:

  • давлат бюджети, банк ва молия институтлари, хусусий сектор маблағларини экологик тоза, энергия тежамкор лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган «яшил» молиялаштириш тизимини ривожлантириш;
  • давлат харидлари тизимида «яшил» харидларга устуворлик бериш;
  • «яшил» технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, саноат корхоналарини «яшил» технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш;
  • мамлакат иқтисодиётида «яшил» иқтисодиёт улушини 30 фоизга етказиш, шу асосда йиллик иқтисодий ўсиш суръатини 7 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш;
  • қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия ишлаб чиқарувчиларга кенг иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • давлат томонидан «яшил» иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий малакали кадрларни тайёрлаш;

«Биз «яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга кенг тадбиқ этишнинг қайта тикланувчи ва муқобил энергия ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш чораларини кўрамиз. Бу эса мамлакат миқёсида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ўртача 25−30 фоизгача ошириш имконини беради.

Иқтисодиётда икки карра энергия самарадорлигига эришиш, «яшил» тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали. қайта тикланувчи ва муқобил қайта тикланувчи энергия манбалари улушини бугун мамлакатда амал қилаётган умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш имкониятига эга бўламиз", — деди Нарзулла Обломуродов.

Иккинчи йўналиш. Экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, яъни маиший ва саноат чиқиндиларини тартибга солиш

Партия раҳбари Ўзбекистонда саноат чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни 10 йиллик стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

«Афсуски, кейинги йилларда атроф-муҳитга чиқарилаётган чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш масаласида комплекс ёндашув етишмаяпти. Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида"ги қонуни аллақачон бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган», — дея таъкидлади партия раҳбари.

«Мамлакатимизда ҳамон сақланиб қолаётган чиқинди полигонлари масаласи жуда муҳим, ечими кечиктирилмас муаммога айланган. Ҳозир юртимиздаги 235 полигондан йилига атмосферага 3,3 миллион тонна иссиқхона газлари ташланмоқда. Улар ерости сувлари ва тупроқни ҳам ифлосламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, санитар тозалаш корхоналарининг қамров кўрсаткичини 100 фоизга етказиш учун 2022 йилда 300 та махсус техника воситаси жалб қилиш, 2025 йилгача 95 та чиқиндини қайта юклаш кўчма станцияси ташкил этиш, қайта юклаш станцияларини 420 та махсус техника воситаси ва 520 та контейнер билан таъминлаш, 2028 йилгача 167 та полигонни ёпиш ва рекультивация қилиш зарур. Бундай кенг кўламли инвестицияларни амалга ошириш учун хусусий секторни янада кенг жалб жалб этиш чораларини кўриш лозим. Бунда ДХШ га алоҳида аҳамият берилади», — деди Нарзулла Обломуродов.

Чиқиндилардан иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида «Чиқиндилар тўғрисида"ги қонунини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлиги айтилди.

«Ривожланган давлатларда 90 фоизгача қайта ишлашга жалб қилинган маиший чиқиндиларнинг бизда бор-йўғи 15−20 фоизи қайта ишланади. Қолган қисми эса, экотизим учун яна янгидан-янги муаммоларни юзага келтирмоқда. Мазкур муаммони самарали ҳал этиш мақсадида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 60 фоизга, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини эса 30 фоизга етказиш буйича дастурларни кабул килиш максадга мувофик. Бу билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, полигонларни камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, иккиламчи маҳсулотдан ишлаб чиқаришда самарали фойдаланиш ҳамда маҳсулот таннархининг арзонлашиши каби манфаатларга эришиш мумкин бўлади», — деди Обломуродов.

Учинчи йўналиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш

Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши қайд этилди.

Ушбу мақсадларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

  • сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилади;
  • ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш, янгиларини қуриш, эскирганларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур, лойиҳалар ишлаб чиқилиши, уларни изчиллик билан рўёбга чиқариш орқали шаҳар ва туманларнинг ичимлик суви ҳамда канализация тизими таъминоти яхшиланади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш орқали олис қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланади;
  • ичимлик суви таъминоти лойиҳаларида бозор механизмларини жорий этишга, лойиҳа ташаббускорининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилади;
  • оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади.

«Олдимизда турган яна бир йирик масала атмосфера ҳавосининг мусаффолигини асраш билан боғлиқ. Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади», — деди Экопартия номзоди.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талаблари қуйидагилардан иборат бўлиши лозимлиги айтилди:

  • жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш;
  • атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан лойиҳалаштиришни таъқиқлаш.

Шаҳарлар ва саноат ҳудудларида ҳавонинг ифлосланиши аҳоли саломатлигига жиддий хавф солаётганини нафас йўллари, аллергия каби муайян касалликларнинг авж олиши, ёшариши мисолида ҳам яққол кўриш мумкинлиги айтилди.

«Халқаро қабул қилинган амалиётга мувофиқ ифлослантирувчи моддаларнинг ўртача концентрацияси нормативлари асосида ҳаво сифатини баҳолашнинг мавжуд тизимини ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқ. Шаҳарлар ва йирик саноат мажмуалари атрофида атмосфера ҳавоси сифатини мунтазам мониторинг қилиш станцияларини кўпайтириш уларни замонавий жихозлар билан таъмирлаш, ПМ 10 ва ПМ 2,5 кўрсаткичларини кузатиб бориш зарур», — деди Нарзулла Обломуродов.

Ўзбекистон Экологик партияси илгари сураётган дастурий мақсадлар қаторида биохилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам ўрин олган. Шу мақсадда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш, республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражасини 7,6 фоиздан 15 фоизга етказишга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.

Тўртинчи йўналиш. Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш

Ушбу йўналишда Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Бунинг учун:

  • Орол муаммосини ҳал этишга ҳамда бу муаммонинг Оролбўйи аҳолиси генофондига ва атроф-муҳитига салбий таъсирини юмшатишга жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда Оролбўйи минтақасига экологик инновация ва технологияларни татбиқ этиш ишларини кучайтириш;
  • қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори ва ўрта қисмидан йилига камида 5−6 км3 ҳажмда сув юборилишини таъминлаш;
  • Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида «яшил белбоғлар» барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш;
  • Оролбўйи ҳудудининг Қозоғистон ҳамда Туркманистон билан туташ ҳудудларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш;
  • Глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газлари таъсирини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Бешинчи йўналиш. Давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини ошириш

Экопартия раҳбарининг таъкидлашича, партия табиатни асраб-авайлаш, мамлакатдаги дарахтлар ва сув ҳавзаларини, табиий ёдгорликларни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари илгари сурилади. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, етказилган зарарни қоплашда „ифлослантирувчи тўлайди“ тамойили тарафдоримиз», — деди у.

Ушбу йўналишда қуйидаги вазифалар устувор бўлади:

  • экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фуқаровий, маъмурий, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • атроф-муҳитга етказилган зарарни ўрнини қоплашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • давлат бошқарув тизимида экология соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш;
  • «Электрон ҳукумат» тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш;
  • юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш;
  • малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшунослар, хусусан, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
  • аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш;
  • вояга етмаган болалар билан ҳуқуқий муносабатларда одил судлов институтларини жорий этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш.

Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча сарсонгарчиликка йўл қўймаслик ҳамда уларнинг вақтини тежаш мақсадида «Электрон ҳукумат» тизимини янада кенг жорий этиш давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини оширишга алоҳида урғу берилиши зарурлиги айтилди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларга осонликча ечим топиш механизми яратилади. «Барча ислоҳотлар инсон манфаатлари учун бунёд этилар экан, аввало, вояга етмаганларга нисбатан алоҳида муносабатни назарда тутадиган одил судлов институтларини жорий этиш, боланинг манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали татбиқ этишга қаратиш энг одилона ёндашув бўлиши шубҳасиз», — деди партия раҳбари.

Олтинчи йўналиш. Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш

Тиббиёт соҳасида «Соғлом муҳит — инсон саломатлиги!» шиори остида:

  • аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, фуқароларнинг ўртача ҳаёт давомийлигини оширишга хизмат қилувчи тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий база такомиллаштирилади;
  • рақамли тиббиётнинг асосий инфратузилмасини яратиш, тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини кучайтириш, тиббий техника ва дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади;
  • санитария-эпидемиология соҳасида потенциал хавф-хатарларни прогноз қилиш, баҳолаш, юқумли касалликлар табиий ўчоқлари устидан эпидемиологик мониторинг ва эпидемияга қарши профилактик тадбирлар мажмуи амалга оширилади;
  • аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва экологик номақбул ҳудудлар аҳолиси учун ижтимоий тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади ва жорий этилади;
  • соғлом турмуш тарзи ҳаётга кенг тадбиқ этилади ва оммавий спорт турлари янада ривожлантирилади, соғлом овқатланиш маданиятини юксалтириш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилади;
  • инсон соғлиғига салбий экологик омилларнинг таъсирини бартараф этиш, сифатли ва тўлиқ тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилган тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ишлар жадаллаштирилади;
  • аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштирилади;
  • тиббий суғурта, хусусий тиббий ёрдам кўрсатиш ва фармацевтика саноати ривожлантирилади, дори воситалари сифати ва нархи барқарорлиги таъминланади.

«Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, оммавий спорт ва жисмоний тарбия ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳаракатсиз турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтириш устувор йўналишимиз ҳисобланади», — дея таъкидлади Нарзулла Обломуродов.

Оролбўйи ва бошқа экологик номақбул ҳудудларда экологик ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича санитар-эпидемиологик мониторинг тизими ривожлантирилади.

Таълим соҳасида «Табиатни фидоийлар сақлаб қолади!» шиори остида:

  • «яшил» тараққиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш;
  • узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларни кенг жорий этиш;
  • олий таълим тизимида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлашни кўпайтириш;
  • мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш;
  • узлуксиз таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш;
  • экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтириш, бизнес-инкубатор ва технопаркларни ташкил этган ҳолда инновацион инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилади.

Илм-фан соҳасида «Табиатни авайлаш — ҳаётни асраш!» шиори остида:

  • экологик тоза, чиқиндисиз ва ресурстежамкор технологияларни ишлаб чиқишга қаратилган илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий маҳсулотлар ҳажми ва инновацион маҳсулотлар турлари кенгайтирилади;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа эҳтиёжларига тўлиқ мослаштириш, юқори самарадор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этиш кўлами оширилади;
  • ҳудудларда экотехнопарклар ташкил этиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишланмаларини ҳудудларда кенг жорий этиш чоралари кўрилади;
  • экологик илмий-тадқиқот изланишларида аёллар ва ёшларнинг иштироки янада оширилади;
  • илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик ривожлантирилади.

«Табиат — келажак авлодлардан олинган қарз!» шиори остида маданий-маърифий соҳада қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

  • жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;
  • жамиятда экологик маданиятни юксалтириш бўйича Миллий дастурни қабул қилиш;
  • оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга қаратиш;
  • аҳолининг атроф-муҳит ҳолати бўйича хабардорлигини ошириш, мунтазам равишда атроф табиий муҳит ҳолати юзасидан миллий маъруза ва таҳлилий ҳисоботларни нашр этиб бориш;
  • ҳар бир инсонда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, атроф муҳитга таъсир даражаси юқори бўлган корхоналарнинг экологик масъулиятини ошириш, яшил ташаббусларни амалга оширишга эътиборни янада кучайтириш.

Еттинчи йўналиш. Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари минтақасини яратиш

Партия ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида қуйидаги асосий устувор вазифаларни белгиламоқда:

  • Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатини минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг асосий муаммоларини, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам беришга қаратиш;
  • Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий муҳофаза этилаётган ҳудудларни барпо этиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратиш;
  • минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий транспорт-транзит инфратузилмасини ривожлантириш;
  • Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнларини давом эттириш;
  • Ҳамдўстлик давлатлари билан ўзаро, савдо-иктисодий, инвестициявий ҳамкорлик муносабатларини тенглик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида давом эттириш.

«БМТ билан ҳамкорликни фаол равишда давом эттирган ҳолда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий муаммоларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашамиз», — деди Нарзулла Обломуродов.

Бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратилади:

  • Ўзбекистон манфаатларига мос келувчи экология ва тиббиёт соҳаларида БМТ томонидан қабул қилинган конвенциялар ва халқаро битимларга қўшилиш;
  • глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш;
  • дунёдаги экология йўналишидаги партиялар ва ҳаракатларининг ядровий, кимёвий ва биологик қуролларнинг тарқалишини олдини олиш ва келгусида уларни бутунлай йўқ қилиш сиёсатида фаол иштирок этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;
  • экологик хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистонда «яшил» тараққиёт тамойилларини жорий этишда самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
  • мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш лойиҳаларини ривожлантиришда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш.

Ўзбекистон Экологик партияси БМТ билан ҳамкорликни фаол равишда давом эттирган ҳолда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий муаммоларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш тарафдори эканлиги таъкидланди.