Халқаро армия ўйинлари доирасида Марказий ҳарбий округининг «Фориш» полигонида ўтказилаётган мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон полигони АрМИ-2021 «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси мусобақа"ларини ўтказиш учун майдонга айланди. Ҳарбий тиббий эстафета мусобақасида саккизта жамоа қатнашади: Беларус, Ветнам, Хитой, Мянма, Фаластин, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, «Дала ошхона» мусобақасида — бешта: Беларус, Ветнам, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон.

«Ҳарбий тиббий эстафета» да кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар 400 м узунликдаги тўсиқларни енгиб ўтиш бўйича комплекс машқларни бажаришди.

Иштирокчилар граната отиш, АК-74 автоматини тўлиқ бўлмаган қисмларга ажратиш ва йиғиш, сунъий тўсиқларни енгиб ўтиш, туннель, лабиринт ва маълум баландликдаги йўл бўйлаб ўтиш, зигзаглар, ўқ қутиларини бир жойдан иккинчисига кўчириш каби бир қатор машқларни бажаришди.

Биринчи ўринни Ўзбекистон жамоаси, иккинчи ўринни Хитой терма жамоаси эгаллади, Россия терма жамоаси учинчи ўринда бўлди.

Терма жамоа аъзолари ўтган ўйинлар рекордини янгилашга муваффақ бўлишди: ҳайдовчи кичик сержант Мухиддин Тешаев (2 дақиқа 27,1 сония) ва кичик сержант Валижон Бегалиев (2 дақиқа 24,2 сония). Кичик сержант Шоҳида Раҳимова ҳам 2 дақиқа 48,1 сония натижаси билан мусобақанинг янги рекордини ўрнатди.

«Шахсий маҳорат» яккалик баҳсларининг мазкур шартига кўра, биринчи ўринни Россия Федерацияси жамоаси вакили оддий аскар Алдар Арсенов, иккинчи ва учинчи ўринларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасидан кичик сержантлар Зафарбек Рўзметов ва Муҳиддин Тешаев қўлга киритди.

«Шахсий маҳорат» мусобақаси натижаларига кўра, умумий мудофаа баҳсларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи, иккинчи — Россия, учинчи ўринни — Хитой терма жамоаси эгаллади.

Мусобақанинг кейинги куни ҳарбий шифокорлар симуляция воситаларида ишлаш бўйича ўз маҳоратларини кўрсатдилар. Хусусан, жамоалар вакиллари мазкур нуқтада коникотомия (трахеяга ташқаридан ҳаво юбориш), торакосентез (плевра бўшлиғидан ҳаво чиқариш), юрак-ўпка реанимацияси, томирга дори воситасини юбориш машқларини бажаришди.

Мазкур беллашувнинг якуний натижаларига кўра, эркак врач мутахассислар ўртасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиллари пешқадам бўлишди. Жумладан, тиббиёт хизмати катта лейтенантлари Ҳамробек Қурбонбоев, Санжарбек Аъзамов ҳамда танловдан ташқари иштирок этаётган Элёр Қувондиқов барчадан юқори балл тўплаб, кучли учликни банд этган.

Аёллардан тиббиёт хизмати катта лейтенанти Азиза Қурбанова ҳамда тиббиёт хизмати майори Лариса Холмаматовалар биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Россия Федерацияси вакили тиббиёт хизмати катта лейтенанти Юлия Благодирга насиб этди.

«Дала ошхонаси» мусобақасининг иккинчи босқичи натижаларига кўра, Ўзбекистон мутлақ устунлик қилди, Россия иккинчи, Беларус учинчи ўринни эгаллади. Жамоалар берилган 4 соат давомида балиқ маҳсулотларидан қовурилган, қайнатилган ҳамда димланган ҳолда таом тайёрлашди. Шунингдек, қўшимча балларни тўплаш учун газак ҳамда шарбат тайёрлаб тақдим этишди.

«Хавфсиз маршрут» танлови Россиянинг Тюмень вилоятида бўлиб ўтади. Ғалаба учун Беларус, Миср, Венесуэла, Лаос, Ветнам, Россия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон жамоалари курашмоқда.

Мусобақа шартларига кўра, даставвал жамоа аъзолари жанговар ҳаракатларда муҳандислик разведка дозорининг муҳандислик таъминоти бўйича вазифаларни амалий бажариш, 12 метр баландликдаги вертолёт макетидан арқон орқали тушиш, осма кўприкдан югуриб, тўрли девордан ошиб ўтиш, икки қаватли бинони ишғол қилиш каби вазифаларни бажаришди.

Шундан сўнг, ҳарбий хизматчиларимиз симли тўсиқ остидан эмаклаб ўтиш, 18 метр масофа узоқликда ўрнатилган сим тўсиқни портлатиш, муҳандислик разведка анжомларини оқилона қўллаш, танкларга ва пиёдаларга қарши миналарни қидириб топиш ва зарарсизлантириш каби босқичлардан ҳам моҳирлик билан ўтишди.

«Танк биатлони» мусобақаси Россиянинг Москва вилоятидаги Алабино полигонида бўлиб ўтмоқда. 25 август куни Ўзбекистон биринчи дивизионининг иккинчи экипажи аъзолари Россия ва Хитой вакиллари билан бир гуруҳда чиқиш қилишди.

Мазкур мусобақада T-72B3 танкини моҳирлик билан бошқариш, тўсиқлардан беталафот ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди.

Лейтенант Шахзод Мамадиёров бошчилигидаги Ўзбекистон экипажи аввалги экипаж қайт этган натижадан 1 дақиқаю 36 сония тезроқ фарқ билан финиш чизиғига етиб келди. Экипаж механик-ҳайдовчиси катта сержант Каримбек Ўринов Т-72Б3 танкини умумий ҳисобда 72 км/соат тезликкача чиқара олди. Россиялик танкчилар экипажи 19 дақиқаю 18 сонияда финишга етиб келди. Хитой жамоаси эса 20 дақиқаю 13 сония натижа қайт этди. Вакилларимиз стартдан финишгача 22 дақиқаю 35 сония вақт сарфлашди.