Тез орада пойтахт метро бекатларида барча алоқа компанияларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ва «Тошкент метрополитени» ДУК мутасаддилари иштирокида АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Ҳозирда метрополитеннинг барча бекатларида UСELL компаниясига уланган мобил телефонлар ишлайди ва бепул интернет тармоғи (Wi-Fi) йўлга қўйилган.

Метрополитен мутахассислари томонидан бошқа мобил алоқа операторларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги айтилди.

Шунингдек, Тошкент метрополитени йўловчилар билан тўғридан тўғри ва тезкор мулоқотни йўлга қўймоқчи эканлиги айтилди.

Шу мақсадда, яқин кунларда «Метрополитен — йўловчи» портали очилиши таъкидланди. Ушбу портал орқали барча йўловчилар метрополитен фаолияти бўйича таклиф ва эътирозларини билдириши мумкин бўлади.

Олдинроқ, Тошкент метросининг айрим йўналишларида поездлар қатнови жадвали ўзгарганлиги ҳақида маълумот берилган эди. Ушбу хабарда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати 30 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг барча линиялари соат 05:00 дан 00:00 гача ишлаши ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ, берилган хабардаги йўналишларнинг ишлаш вақти ва Сергели ҳамда Юнусобод йўналишларидаги поезд қатновлари ўртасидаги интервалнинг қисқариши тўғрисидаги хабар олиб ташланди.