Россиянинг Forbes нашрида ҳеч қандай ташқи сармояларсиз бизнес бошлаган, Space X ва «Роскосмос» компаниялари билан ҳамкорликка эришган, келиб чиқиши ўзбекистонлик Дмитрий Богданов ҳақида мақола эълон қилинди. «Газета.uz» мақоланинг қисқартирилган версиясининг таржимасини тақдим қилади.

Ўзбекистондан Германияга

ExoLaunch компаниясининг 42 ёшли бош директори Дмитрий Богданов Ўзбекистонда туғилган. 1995 йилда у Тошкент авиация институтига ўқишга киради.

Тадбиркор таълим муассасаси борасидаги танловини қуйидагича изоҳлайди: «Мен учун муҳими авиация йўналишида ўқиш эмасди: мен техникага оид нима биландир шуғулланишни хоҳлашимни билардим. Лекин бу институт уйимнинг шундоққина қаршисида эди, мен эса эрта туришни унчалик ҳам ёқтирмасдим».

Учинчи курсда у Германияга кетиш мақсадида ўқишни ташлади. 1995 йил Тошкентда «ҳаммаси яхши эди», лекин Богданов таълим олиш учун «қизиқарлироқ жойлар бор"лигини тушуниб етди.

2000 йилда у Берлин техника университетига авиация ва космонавтика муҳандислиги мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. 2006 йилда университетни тамомлагач, кафедрада ўқитувчи сифатида ишда қолди ва космик кемалар қурилиши соҳасида амалий тадқиқотлар олиб борди.

«Биз кичик сунъий йўлдошлар прототипини ясардик, уларни космосга учирардик ва у ерда ўзини қандай тутишини кузатардик», — дейди Богданов. Бир неча йиллар ўтиб тадқиқотларга бўлган бу қизиқиши Богдановга янги бизнес очиш имконини берди.

Биринчи парвоздан Space Х гача

2009 йил сентябрида Богданов фаолият олиб борган кафедра ҳинд ракета ташувчилари PSLV ёрдамида оғирлиги бир ярим килограммдан бўлган иккита хусусий кичик BeeSat-1 сунъий йўлдошларининг космосга парвозини ташкил қилишди.

Бу пайтга келиб бозорда аллақачон кичик сунъий йўлдошлар пайдо бўлган эди, масалан, ерни масофадан зондлаш ёки ҳаво ва сув кемаларини аниқлаш учун. Мазкур бозорнинг ўсиши натижасида сунъий йўлдошларни орбитага чиқаришга бўлган талаб ҳам ошиб бориши тадбиркорга кундек равшан эди.

Шундай қилиб Богданов бошланғич капитали 3 млн евро билан кичик сунъий йўлдошларни космосга чиқариш билан шуғулланувчи ExoLaunch компаниясига асос солди. Илк парвоз даромадли бўлиб чиқди — немис университетларига бу 70 минг долларга тушди, шундан 7 фоизи ExoLaunch`нинг хизмат ҳақи ҳисобланарди.

2020 йилда ExoLaunch Space X компаниясининг ҳамкорига айланди. Компаниянинг сотув бўйича менежери билан Богданов 2019 йилнинг ўрталарида Юта штатида ўтказилган SmallSet Conference вақтида танишган эди.

ExoLaunchнинг Space X билан илк лойиҳаси 2020 йил 13 июнда амалга оширилди — Богданов ва унинг ходимлари Falcon 9 ракета ташувчисида Американинг сунъий йўлдош тасвирлари ва аналитик маълумотлар етказиб берувчиси Planet`га тегишли бўлган учта кичик SkySat сунъий йўлдошларини учиришни ташкиллаштирди.

Бундан бир ой ўтиб — 18 августда Falcon 9 худди шундай сунъий йўлдошлардан яна учтасини Ер орбитасига етказиб қўйди: иккала парвоз ҳам АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг Флоридадаги Канаверал бурнидан амалга оширилди.

2020 йил октябрь ойида компания Space X билан узоқ муддатли ҳамкорлик битимини имзолади: энди ExoLaunch Америка компанияларининг кичик космик аппаратларини учириш дастури доирасидаги ҳар бир парвозда иштирок этади.

Космосдаги «DHL»

2020 йил охирида Латвияда тадбиркорлик активлари бўлган тадбиркорларнинг даромадларини ҳисобловчи VIP Lounge журнали Богдановни «Топ 50 даромад олувчи хорижликлар» рўйхатига киритди.

Рўйхатда ExoLaunch асосчиси 41 ўринни банд этди. Компаниянинг фойдаси 1,47 млн еврони, айланма маблағлари эса 2 млн еврони ташкил этди. ExoLaunch 2022 йилда ўз акцияларини чиқаришни режалаштирмоқда. Компания 500 миллион доллардан 2 миллиард долларгача баҳоланмоқда.

Узоқ муддатда ExoLaunch ҳар қандай зарур юкларни орбитага ёки сайёранинг ўзига орбитал тортиш мосламалари ёрдамида етказиб бериш орқали Марс ва Ойни колонизация қилиш лойиҳаларига ёрдам беришни режалаштирмоқда.

«Бизнинг орзуимиз — космосда DHL бўлиш», — дейди Богданов.