Айни вақтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг 18 ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил биринчи ярим йиллик фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ҳисоботдан сўнг, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевга Афғонистонда масаласидаги савол билан юзланди.

«Бугунги кунда жуда кўп давлатлар томонидан экстремистик-террористик ҳаракат деб тан олинган «Толибон»нинг бизга қўшни бўлган Афғонистонда раҳбарликка келгани муносабати билан сиз Ўзбекистон ташқи сиёсатини сиз қандай кўрасиз?», — деб сўради сенатор.

«Сизни кўтарган масалангиз нафақат минтақамиз, балки халқаро хавфсизлик тартибидаги долзарб мавзу. Ҳаммасиз яхши биламиз, Афғонистонда ҳозир янги воқелик, янги вазият юзага келган. Ҳозир Афғонистонда олдиндан прогноз қилиб бўлмайдиган жараённи кузатяпмиз. Лекин битта нарсани билишимиз керак, ҳурматли президентимизнинг белгилаб берган ташқи сиёсат тамойиллари асосида, бевосита Афғонистон билан муносабатларимиз йўналишларида белгилаб берган фундаментал ёндошувлар, асосий вазифалар доирасида бугун эмас, анчадан бери Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнларига бевосита ҳисса қўшиб келаяпти», — деди Фарҳод Арзиев.

У президент ташаббуси билан 2018 йилда Тошкентда Афғонистон бўйича махсус халқаро конференция ўтказилгани, 2021 йилда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё халқаро конференциясида ҳам Афғонистон можароси муҳим мавзулардан бири бўлганини тилга олди.

«Энг аввало биз Афғонистонда барча сиёсий кучларнинг манфаатини эътиборга оладиган, уларнинг ўзаро тинчлик музокаралари натижасида эришиладиган коалицион ҳукумат (Кўп партияли парламент бошқарувидаги ҳукумат — таҳр.) шаклланиши тарафдоримиз. Биз Афғонистонда қуролли куч ишлатиш йўли билан афғон муаммоси ҳал бўлади деган ёндошувдан доим йироқ бўлганмиз», — деди у.

Унинг таъкидлашича, «Афғонистонда „Толибон“ ҳаракати ҳокимият тепасига келган, мамлакатни тўлалигича назорат қилаяпти дейиш мумкин».

««Толибон» ҳаракати билан бир неча йиллардан бери мулоқот қилиб келаяпмиз. Ва албатта «Толибон»га ҳам Афғонистон жамиятининг инкор этиб бўлмайдиган фактори сифатида ёндошамиз. Кейинги ёндошувларимизда ҳам айнан мана шу принсиплар биз учун асосий йўналиш бўлиб қолади. Афғонистон ён қўшнимиз, жон қўшнимиз, қолаверса, бу давлатга Марказий Осиёнинг ҳам ажралмас қисми сифатида қараймиз», — деди ТИВ вакили.

У сўзи якунида Афғонистонда бақрарор тинчилик ўрнатиш, уни халқаро ривожланиши учун зарур омилларни яратишга қаратилган ҳамма сай-ҳаракатларда Ўзбекистон фаол иштирок этишини қўшимча қилди.