Жазоир Марокаш билан дипломатик алоқаларни узди

Жазоир «Марокашнинг узоқ вақтдан бери давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари туфайли» у билан дипломатик алоқаларни узмоқда. Бу ҳақда Жазоир ташқи ишлар вазири Рамтан Ламамра маълум қилди. «Бугундан Жазоир Марокаш билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилди», — деди у матбуот анжуманида.

Бундан ташқари, Ламамра Марокашни Исроил технологиясидан фойдаланган ҳолда Жазоир фуқаролари ва амалдорларига қарши жосуслик қилганликда айблади. ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Қироллик ўз ҳудудини Жазоирга душман бўлган хорижий давлатларнинг ҳаракатлари майдонига айлантирди. «1948 йилдан бери ҳеч бир Исроил расмийси араб мамлакатида бўла туриб бошқа араб давлатига қарши душманлик баёнотларини бермади», — деди Ламамра. У шу билан 2021 йил 11−12 август кунлари Жазоир ҳақида салбий изоҳлар берган Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапиднинг Марокашга расмий ташрифига ишора қилди.

Ўтган ҳафта Жазоир Марокашни Жазоир ҳудудида фаолият юритаётган икки террорчилик ҳаракатини — «Кабилия автономияси ҳаракати» ва «Рашад» ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айблаган эди. Республика ҳукумати август ойида Жазоир шимолида содир бўлган ўрмон ёнғинларига уларнинг фаоллари ҳам алоқадор деб ҳисобламоқда.

Марокаш Ташқи ишлар вазирлиги Жазоирнинг ушбу қароридан афсусда эканлигини таъкидлаб, барча айбловларни рад этди.


Япониянинг яна 8 та префектурасида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Япония ҳукумати Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимидан бир кун ўтгач, саккизта префектурада коронавирус билан касалланиш ортгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шундай қилиб, Хоккайдо, Мияги, Гифу, Айти, Миэ, Сига, Окаяма ва Хиросима префектураларида, бундан ташқари, Коти, Сага, Нагасаки ва Миядзаки ҳудудларининг баъзи туманларида янги чекловлар ўрнатилади.

COVID-19'га қарши кураш вазири Нисимура Ясутосининг айтишича, мамлакатда ҳар куни 20 мингдан ортиқ янги COVID-19 ҳолати қайд этилмоқда. У, шунингдек, оғир касаллар сони рекорд даражага етганини, тиббий хизмат катта босим остида эканлигини таъкидлади.

Чоралар жума кунидан кучга киради. Фавқулодда ҳолат жорий қилинган барча префектураларда 12 сентябргача давом этиши режалаштирилган. Фавқулодда вазият режими ресторан ва барларда спиртли ичимликлар сотилишини чеклайди ва улардан эрта ёпилишини талаб қилади. Шунингдек, одамларга уйдан туриб ишлашга ва бесабаб кўчага чиқмаслик тавсия қилинди. — Интерфакс.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • Ariana News’нинг ёзишича, Aфғонистондаги Миллий муроса олий кенгаши раҳбари Aбдулла Aбдулла, Aфғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай ва исломий партия раҳбари Гулбеддин Ҳикматёр Aфғонистонни бошқарадиган кенгашга аъзо бўладилар.
  • Aбдул Қаюм Зокир мамлакат мудофаа вазири в.б. лавозимига тайинланди. Хабарда айтилишича, Зокир Гуантанамо қамоқхонасининг маҳбуси бўлган.
  • «Толибон» Aфғонистоннинг барча фуқароларига хорижга доллар ва тарихий буюмларни олиб чиқишни тақиқлади. «Биз барча фуқароларга доллар ва антиқа буюмларни ноқонуний олиб кириш ёки уларни ҳар қандай баҳона билан қуруқликдан ёки ҳаво орқали олиб чиқиш қатъиян ман этилганлигини эълон қиламиз. Шу муносабат билан, агар бу нарсалар кимнингдир қўлида топилса, улар дарҳол мусодара қилинади ва уларнинг эгалари қонунга мувофиқ жазоланади», дейилади хабарда.
  • Мамлакатда банклар ўз фаолиятини тиклади — улар 10 кундан бери ёпиқ бўлган. Айтилишича, ҳозирча банклар фуқароларга оз миқдорда пул бермоқда. Aввалроқ, Кобул аҳолиси банклар ёпилгани, банкоматлардаги нақд пуллар тугагани, банк ҳисоблари музлатилгани, озиқ-овқат нархи кўтарила бошлаганидан шикоят қилган эди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • «Катта еттилик» етакчилари ҳар қандай афғон ҳукуматини халқаро мажбуриятларга риоя қилишга чақирди ва Афғонистондан эвакуация қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишди. Улар, шунингдек, «Толибон» терроризмнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини химоя қилиш учун масъул бўлишини таъкидладилар.
  • Мингга яқин одам Россияга келишга рухсат олди. Улар орасида асли афғон Россия фуқаролари, Россия олий ўқув юртлари талабалари, яшаш учун рухсатнома эгалари ва Россияда ишлаш учун рухсатномаси бўлган фуқаролар бор.
  • Корея Республикасидаги афғон фуқаролари Афғонистондаги вазият нормал ҳолатга келгунига қадар мамлакатда қолишлари мумкин бўлади. Бунинг учун уларга махсус яшаш рухсатномалари берилади.
  • Германия Aфғонистонга 100 млн евролик гуманитар ёрдам ва яна кейинчалик бунга 500 млн ажратади. Бу ҳақда Германия канцлери Aнгела Меркель G7 вакиллари учрашувидан сўнг айтиб ўтди.
  • Покистон ҳукумати Aфғонистондан 22,4 минг нафар чет эл фуқаросини эвакуация қилди. 19 мингга яқин одам Покистонга қуруқлик чегараси орқали кирган, қолганлари ҳаво орқали Кобулдан олиб келинган.
  • БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизлининг айтишича, инқироз туфайли тез орада очликка дуч келиши мумкин бўлган афғонистонликлар сони 14 млнга (аҳолининг қарийб 36 фоизи) етди.

Шунингдек:

  • Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика Хавфсизлик Кенгашининг янги таркибини тасдиқлади. Кенгашга мамлакат президенти раислик қилади. Таалатбек Масодиқов раис ўринбосари, Марат Имонқулов котиб этиб тайинланди. Хавфсизлик Кенгашига миллий парламент раиси, ҳукумат раҳбари, президент маъмурияти раҳбари, давлат котиби ва бош прокурор ҳам киради. Шунингдек, унинг таркибига мудофаа вазири, ташқи ишлар вазири, фавқулодда вазиятлар вазири, ички ишлар вазири ва миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси киради.