Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси COVID-19 билан касалланганларни уйда қандай парвариш қилиш кераклиги ва беморлар учун ўз яқинларини инфекциядан қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақидаги эслатмаларни эълон қилди. ЖССТ тавсияларини инфографика шаклида кўриш мумкин. Қуйида, шунингдек, матнли версия ҳам тақдим этилган.

Беморга хавф остида бўлмаган (60 ёшгача ва сурункали касалликлари бўлмаган) одам қараши керак. Бемор изоляция қилинган жойда ёки алоҳида хонада бўлиши керак. Хона деразаларини очиб, мунтазам равишда шамоллатиб туриш зарур. Касаллик пайтида меҳмонларни қабул қилиш мумкин эмас ва бемор билан мулоқот қилганда камида бир метр масофани сақлаш керак.

COVID-19 билан касалланган бемор бўлган хонага кирганда, ниқоб тақиш керак. Қўлларни иложи борича тез -тез совун билан ювиш ҳамда жиҳозлар устини дезинфекция қилиш керак. Беморга ҳеч ким ишлатмаслиги керак бўлган алоҳида идишлар, идиш -товоқлар ва чойшаблар ажратилиши зарур.

Вирус юқтирган одам, агар хонада ёлғиз бўлмаса, ниқоб тақиши, аксирганда ёки йўталаётганда оғзини бекитиши ва барча чиқиндиларни маҳкам ёпиладиган пакетларга солиб қўйиши керак.

COVID-19 билан касалланган одамга тинчлик, кўп суюқлик ва тўғри овқатланиш муҳим. Агар сурункали касалликка чалинган бўлса, у дори -дармонларни қабул қилишни давом эттириши керак. Иситма ва оғриқлар сезилганда парацетамол/ацетаминофенни кўрсатмаларга мувофиқ қабул қилиш лозим. Антибиотиклар COVID-19 га қарши самарасиз.

COVID-19 билан касалланган бемордаги аломатларни мунтазам текшириб туриш керак. Нафас олишнинг қийинлашуви, кўкракдаги оғриқлар, алаҳсираш, нутқ ёки ҳаракатчанликнинг йўқолиши каби хавфли белгилар пайдо бўлганда дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.

Баъзи одамларда COVID-19 янада оғир кечиш хавфи мавжуд. Юқори хавф омилларига қуйидагилар киради:

  • 60 ёшдан катта бўлиш;
  • гипертония;
  • қандли диабет;
  • юрак касалликлари;
  • сурункали ўпка касалликлари;
  • миянинг қон томир касалликлари;
  • деменция;
  • руҳий касалликлар;
  • сурункали буйрак касалликлари;
  • иммунитетнинг пасайиши (шу жумладан ОИВ инфекцияси);
  • семизлик;
  • саратон.

35 ёшдан ошганлик, семизлик ва сурункали касалликлар ҳомиладорлик пайтида юқори хавф омиллари ҳисобланади. Агар ушбу хавф омилларидан бири мавжуд бўлса, инфекцияга чалинган бемор шифокорлар назорати остида бўлиши керак.

Қондаги кислород даражасини кузатиш учун пульсоксиметрдан фойдаланиш мумкин. Ўлчовлар кунига икки марта ўтказилиши ва кўрсатмалар шифокорга етказилиши керак. Агар кислород даражаси 90 фоиздан 94 фоизгача бўлса, кўрсатмалар учун тиббиёт муассасига мурожаат қилиш керак. Агар кислород даражаси 90 фоиздан паст бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.

Бундан ташқари, агар боланинг кислород даражаси 90 фоиздан паст бўлса, йўталса, нафас олиши қийинлашса, эма ёки ича олмаса, ҳолсизлик, ҳушидан кетиш ёки тутқаноқ бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.

Касалликдан кейин жисмоний машқлар

Жисмоний машқлар COVID-19 оғир шаклидан тузалгандан кейинги тикланишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Жисмоний фаолликка қайтиш аста-секинлик билан амалга оширилиши керак. Кучли чарчоқ ёки оғриққа сабаб бўладиган оғир жисмоний машқларни бажармасликка ҳаракат қилиш лозим.

Машқларни бошлашдан аввал қизиб олиш учун чигалёзди машқларини қилиш керак. Машқлар учун қулай устки кийим ва оёқ қийим бўлиши зарур. Овқатланиш билан машқ бошлаш орасида камида бир соат вақт ўтиши лозим. Кўп-кўп сув ичиш керак, ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлганда машқ қилиш тавсия этилмайди.

Бажаришда бироз мушкуллик сезиладиган машқлар қилиш керак. Бунда агар инсон ўзини яхши ҳис қилса, машқлар сони, давомийлиги ва тезлигини аста-секин ошириб бориш зарур. Оғриқ ва чарчоқ туфайли машқ қилиш оғирлашса, жисмоний юкламани камайтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Машқлар туфайли маза қочгани сезилса, машқларни тўхтатиш ва шифокор билан боғланиш керак.

Аввалроқ, «Газета.uz» ЖССТ томонидан тавсия этилган реабилитацион жисмоний машқлар ва COVID-19`нинг оғир шаклини ўтказган катталар учун организмни тиклаш усулларини эълон қилган эди.