Швециялик Бу Андерссон UzAuto Motors янги бош директори этиб тайинланди, деб «Газета.uz» га «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар берди.

Тайинловга қадар Бу Андерссон 2017 йилдан буён энг йирик автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган «Yazaki Europe, Africa, North & South America» корпорациясига раҳбарлик қилган.

65 ёшли швециялик мутахассис (1955 йилда туғилган) 2009 йилдан 2013 йилгача «Группа ГАЗ» корхонасига президент этиб тайинланган. 2014 йилдан 2016 йилгача «АвтоВАЗ» ОАЖ президенти бўлган. 1993 йилдан 2009 йилгача харид йўналишида турли рахбар лавозимларни эгаллаган ва 2001−2009 йилларда «General Motors»нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган. Бунгача у Швецияда ҳарбий фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилган.

Бунгача GM Uzbekistan`ни (кейинчалик UzAuto Motors) 2016 йилдан бери Рустам Раджабов бошқарган.

«Узавтосаноат» аниқлик киритишича, 2018 йилдан бошлаб компания йирик трасформация жараёнини бошдан кечириб, зарардан барқарор фойда келтирадиган бизнесга айланди. 2020 йилдаги пандемияга қарамасдан, UzAuto Motors ўз ишлаб чиқаришини 281 минг дона автомобилга ўстриришга эришди. 2020 йилдан буён «Узавтосаноат» АЖ «Boston Consulting Group» билан ҳамкорликда ўзининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиб, 2021 йил апрелида қўшма трасформация офисини ташкил этган.