«Толибон» ҳаракатига қаршилик кўрсатиш ўчоқларининг пайдо бўлиши оқибатлари нафақат Афғонистон, балки теваракдаги минтақа хафсизлиги учун ҳам олдиндан айтиш қийин бўлган оқибатларни юзага чиқарадиган узоқ муддатли фуқаролик урушига олиб келиши мумкин.

Бу ҳақда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг бош котиби Станислав Зась 23 август куни бўлиб ўтган КХШТнинг навбатдан ташқари сессияси якунлари бўйича ўтказилган брифингда маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, сессияда «Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев меҳмон сифатида иштирок этди.

Учрашувда КХШТ раҳбарлари — Тожикистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия президентлари, шунингдек Арманистон бош вазири Афғонистоннинг Панжшер провинциясидаги вазиятни муҳокама қилишди. Аввал хабар берилганидек, толиблар ўзлари назорат қилмайдиган ягона вилоятда қаршилик кучларини қамал қилди. Қаршилик вакиллари «Толибон» билан тўқнаш келишга тайёр эканликларини таъкидлаб, жиддий музокараларга чақиришди.

«Биз ушбу қарама-қаршиликни тўхтатиш, афғонлараро мулоқотни йўлга қўйиш ва Афғонистонда яшаётган барча миллатлар ва элатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда у ерда давлат ҳокимиятини қуришга чақирамиз. Ҳозирда шимолий провинциялар ва „Толибон“ ўртасида кузатилаётган конфронтация (қарама-қаршилик — таҳр.) афғон халқи учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Ушбу қарама-қаршиликдан қочиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарур», — деди у.

Сессия жараёнида ташкилотга аъзо давлатлар мамлакатдаги барча жамоат, сиёсий, этник ва диний гуруҳларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда инклюзив тинч йўл билан Афғонистонда давлат ҳокимиятини тиклашнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Сессия давомида Афғонистондаги сиёсий режим бутун афғон халқининг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишга асосланган бўлиши кераклиги қайд этилди. «Жамиятнинг барча қатламларининг ижтимоий-сиёсий манфаатларини қатъий ҳисобга олиш, кафолатлаш ва ҳимоя қилиш Афғонистондаги ҳар қандай ҳукумат барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга», — деди КХШТ раҳбарлари.