Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари учрашув иштирокчиларини минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, шу жумладан Афғонистон билан чегарани ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида хабардор қилди.

Мамлакатимиз етакчиси минтақа давлатларининг алоқадор тузилмалари билан Афғонистон борасида самарали ҳамкорлик ва тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

Саммит якунида минтақадаги вазият юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ва мунтазам ахборот алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.