Польша Беларус билан чегара ҳудудида 2,5 метрли девор барпо этади

Бу ҳақда республика мудофаа вазири Мариуш Блащак Twitter’да маълум қилди. «Беларус билан чегарада баландлиги 2,5 метр бўлган янги мустаҳкам девор пайдо бўлади», деб ёзди вазир. Унинг сўзларига кўра, «янада кўпроқ аскар чегарачиларга ёрдам беради». Ҳозирда мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб қилинган.

Блащакнинг ёзишича, ҳозирда Польша армияси Беларус билан чегарани ёпмоқда. «Aскарлар чегара чизиғида 100 км дан ортиқ узунликда тўсиқлар ўрнатган. Яна 50 км ўрнатилади», дея маълум қилмоқда вазир.

Фото: twitter.com/mblaszczak/

Польша ИИВ маълумотларига кўра, август ойининг бошидан буён Беларус ҳудудидан мамлакатга ноқонуний кириш ҳолатлари сони 2,1 мингтани ташкил этган. Чегарачилар 1350 та ҳолатнинг олдини олган. 780 нафар чет эл фуқароси ушланиб, ёпиқ марказларга жойлаштирилган.

Бундан аввал Литва ҳам Беларус билан чегара ҳудудида муҳожирларни ушлаб туриш мақсадида девор барпо этаётганини маълум қилган эди.


Рим папаси Франциск соғлиғи сабабли тахтдан воз кечиши мумкин — ОАВ

Бу ҳақда ТАСС «Libero»га таяниб хабар бермоқда. Ватикан давраларида яқинлашиб келаётган конклав (папани сайлайдиган кардиналлар кенгаши) ҳақидаги тахминлар тобора кўпайиб бормоқда, деб айтилмоқда хабарда. Нашр декабрь ойида Франциск 85 ёшга тўлишига эътибор қаратди — худди шу ёшда аввалги Рим папаси Бенедикт XVI тахтдан воз кечган эди.

Июль ойида Франциск умумий наркоз остида ичак операциясини бошидан ўтказди. Таъкидланишича, сўнгги пайтларда у фақат оёғидаги оғриқдан шикоят қилмоқда. Рождество ва Янги йил даврида папа қуймуч нервининг яллиғланиши туфайли бир қатор тадбирларни бекор қилган. 2020 йил февраль ойининг охирида, пандемия бошланган пайтда, у қаттиқ шамоллаб қолган эди.

2014 йил 19 августда Франциск журналистларга берган интервьюсида, у ўтмишдоши каби (Бенедикт XVI — таҳр.), узрли сабабларга кўра, масалан, соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли, тахтдан воз кечиши мумкинлигини тан олган эди.

Франциск (асли исми Хорхе Марио Бергольо) 2013 йил 13 март куни Рим папаси этиб сайланган эди.


Швеция бош вазири Стефан Лёвен ноябрь ойида истеъфога чиқади

Швеция бош вазири Стефан Лёвен шу йилнинг кузида бўлиб ўтадиган партия қурултойида бош вазир ва Социал-демократик ишчи партияси раиси лавозимларини тарк этади. «Мен партия ижроия қўмитаси ва сайлов комиссияси раисига ноябрь ойида бўлиб ўтадиган партия қурултойида партия раиси лавозимидан кетишни, шунингдек, бош вазир лавозимини тарк этишни хоҳлаётганимни айтдим», — деди у. Лёвен, аввалроқ, келаси йили сайловолди кампаниясида партияни бошқаришини эълон қилган эди. «Қарор вақт ўтиши билан пишиб етди. Мен ўн йил партия раиси, етти йил бош вазир бўлдим. Бу фантастик йиллар эди. Лекин ҳамма нарса ўз ниҳоясига етади», дея изоҳ берди Лёвен. — ТАСС.

Июнь ойи охирида Стефан Лёвен парламент томонидан унинг бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдирилганидан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилган эди. Таъкидлаш жоизки, Стефан Лёвен мамлакат тарихида ишончсизлик вотумини олган биринчи бош вазир бўлди. Июль ойи бошида Риксдаг (парламент) томонидан Стефан Лёвен яна бош вазир этиб сайланди.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • Ҳамид Карзай номидаги Кобул халқаро аэропортда барча рейслар тўхтатилди. Бундай чоралар аэропорт ҳудудида одамларнинг кўплиги ва тартибсизликларнинг олдини олиш учун кўрилган. «Мамлакатнинг турли ҳудудларига, шунингдек, чет элларга учишни истаган йўловчиларга рейсларнинг тикланиши ҳақида олдиндан хабар берилади», дейилади баёнотда.
  • «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идорасининг расмий вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳиннинг маълум қилишича, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари 31 августга қадар қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқмаса, «бунинг оқибатларига» дуч келадилар. «Бу қизил чизиқ. Президент Байден 31 августга қадар барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишини эълон қилган эди. Aгар улар қолиш муддатини узайтирсалар, демак улар ишғол муддатини ҳам узайтиришмоқда», — деди у. Шоҳиннинг қўшимча қилишича, «Толибон» AҚШ ёки Буюк Британияга ўз фуқароларини Aфғонистондан эвакуация қилиш учун қўшимча вақт ажратишга тайёр эмас. «Aгар улар босиб олишни давом эттириш ниятида бўлсалар, бу тегишли реакцияга сабаб бўлади», — деди «Толибон» вакили.
  • «Толибон» Aфғонистон ҳукуматининг барча амалдорларига, жумладан, собиқ президент Aшраф Ғанига амнистия эълон қилди. Ҳаракат улар Афғонистонга қайтиб, яшашлари мумкин, деб ишонтирмоқда.
  • «Толибон» Aфғонистон шимоли-ғарбида Фарёб вилоятида асирга олинган 80 нафар хавфсизлик ходимини қўйиб юборди.
  • «Толибон» назорат қилмайдиган ягона Панжшер провинцияси ҳаракат вакиллари томонидан қамал қилинди. Провинциянинг қаршилик вакиллари толиблар билан тўқнаш келишга тайёр эканликларини маълум қилиб, жиддий музокараларга чақиришди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • АҚШ якшанба куни Aфғонистондан 10,4 мингга яқин одамни олиб чиқди. Қайд этилишича, 14 августдан буён мамлакат 37 мингга яқин одамни Aфғонистондан эвакуация қилди.
  • Буюк Британия ҳукумати Aфғонистондан қарийб 6 минг кишини эвакуация қилди. Шулардан 3,1 мингини кўчириш дастурига кирган афғонлар ва уларнинг оила аъзолари ташкил қилади.
  • Кувайт ҳукумати Aфғонистондан AҚШга ўз ҳудуди орқали 5 минг кишини эвакуация қилишга рухсат берди.
  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Кобул аэропортидаги чекловлар туфайли Aфғонистонга 500 тоннага яқин тиббий буюм етказиб бера олмаётганини маълум қилди.
  • Германияда афғон қочқинларига бошпана бериш талаби билан намойишлар бўлиб ўтди. 1,7 мингга яқин киши федерал канцлернинг Берлиндаги идораси олдида тўпландилар.

Шунингдек:

  • Миср душанба куни Ғазо сектори билан чегарасини ёпади. «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти орқали ўтиш ҳар икки йўналишда ҳам тўхтатилади", деб айтилмоқда хабарда. Айтилишича, Қоҳира бу қарорни шанба куни тартибсизликлар содир бўлган Исроил билан чегарада тинчликни таъминлай олмаган ХАМАС ҳаракатининг ҳаракатсизлигига норозилик сифатида қабул қилган. Секторнинг юзлаб аҳолиси анклав шимолидаги хавфсизлик деворидан ошиб ўтишга уринган ва портловчи мосламаларни исроиллик аскарларга отган. Натижада 20 дан ортиқ фаластинлик, шунингдек, Исроил чегара полицияси ходими оғир тан жароҳати олди.
  • Покистон ва Ҳиндистон, икки йиллик танаффусдан сўнг, бир-бирларининг дипломатларига иш визаларини бериш жараёнини тикладилар. Aвгуст ойида Покистон 33 нафар ҳинд дипломатига, Ҳиндистон — Нью-Деҳлидаги Покистон элчихонасининг етти нафар ходимига виза берди.
  • Япония бош вазири Ёсихидэ Суга сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Либерал-демократик партияси (ЛДП) раиси сайловида ўз номзодини илгари суришни режалаштирмоқда.
  • Исроилда сентябрдан бошлаб мактаблар очилади, 12 ёшдан катта бўлган болалар, ота-онасининг рухсати билан, дарс пайтида коронавирусга қарши эмланиши мумкин бўлади.
  • АҚШнинг Теннесси штатидаги сув тошқинлари оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди, яна 20 киши бедарак йўқолган.