Ҳуқуқшунос, блогер Зафарбек Солижонов ўзининг Telegram-каналида «Миллий тикланиш» партиясидан президентлик сайловларига номзод бўлган партия раҳбари, Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари Алишер Қодировни қўллаб-қувватлаш учун республика мактабларининг бирида мажбурий имзолар олинаётгани ҳақида хабарни эълон қилди.

Уларда «ҳокимият етакчиси мактабда ишлаётган тарғиботчилардан уйма-уй юриб, Алишер Қодировни сайлашни талаб қилишаётгани» айтилган.

Фото: Zafarbek Solijonov

Яна бир хабарда, мактаб ўқитувчиларидан уларнинг розилигисиз имзо варақаларига мажбурий равишда қўл қўйдирилаётгани айтилмоқда.

Фото: Zafarbek Solijonov

Мазкур ҳолат юзасидан Алишер Қодиров муносабат билдирди.

«Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги керак. Сизнинг имзоингиз — ҳуқуқингиздир. Сизни мажбурлашларига йўл қўйманг», — деб ёзади у.

Алишер Қодиров юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланиб, тасдиқланса ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланишини таъкидлади.

Шунингдек, имзо йиғиш жараёнида «Миллий тикланиш» партия фаоллари томонидан босимга учраганлик ҳақидаги маълумотларни @alisherqodirov_bot манзилига хабар бериш сўралди.

«Биз халқимизга хизмат қилиш йўлида самимий ва фидойи тарафдорларимизга таянамиз. Биз очиқ ва шаффоф рақобат тарафдоримиз», — дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.