Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида бюджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда агентлик матбуот котиби Дурдона Очилова маълум қилди.

Ўрганишда, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 9,2 млрд сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14 млрд 902 миллион сўмга, яъни 5 млрд 643 миллион сўм қиммат нархларда харид қилингани аниқланди.

Бундан ташқари, 4,9 млрд сўмлик тендер ва 186,1 млн сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар қонун талабларига зид равишда ташкил қилингани маълум бўлди.

Ўрганиш натижаларига асосан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан 2 та жиноят иши қўзғатилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги май-июнь ойларида 101,5 млрд сўм миқдоридаги 324 та танловда қонун бузилиш ҳолатлари аниқлаган эди. Энг кўп қонунбузарликлар маҳаллий ҳокимликлар, ХТВ, ССВ, ОЎМТВ ва МТВ томонидан содир этилган.