22 август — 5 сентябрь кунлари «Фориш» тоғ полигонида «АрМИ — 2021» VII Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси» мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Ўйинларга старт бериш олдидан давлатлар номидан мусобақаларда қатнашаётган ҳакамлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда «Ҳарбий тиббий эстафета» бош ҳаками, тиббиёт хизмат полковниги Носиржон Фозилов (Ўзбекистон) ҳар бир давлатдан йигит ва қизлар жамоаларида 24 нафардан вакил борлиги, пандемия шароитида уларни соғлиғи доимий равишда назорат қилинаётганини маълум қилди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Барча жамоалар мусобақаларга боришидан аввал вакцина олган бўлиши керак. Иштирокчиларни [Ўзбекистондаги мусобақалар иштирокчилари] ҳаммаси эмланган. Шу билан бирга, ПЦРга тест топширган бўлиши керак ва жамоалар тест жавоблари билан келган. Шунга қарамасдан биз барча жамоаларни келганидан бошлаб 5 кунга алоҳида [карантинга] жойладик. Барча таҳлилларни, жумладан, қайтадан ПЦР тестини олдик. 5 кун ўтиб, биз уларни соғлиғига ишонч ҳосил қилгандан кейин тайёргарлик ишларига жалб қилдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, пандемияга қарамасдан 2020 ва 2021 йилги армия ўйинлари муваффақиятли ўтказиб келинмоқда.

«Ҳозирги кунда [мусобақа иштирокчиларининг] соғлиғи бўйича ҳеч қандай муаммоси йўқ. Бугун тушдан кейин яна қўшимча навбатдаги текширувларни амалга оширамиз. Яъни конкурс давомида пандемиядан келиб чиқиб, барча чораларни кўрамиз. Бирор ким касал бўлиб қолишига шароит яратиб қўйишга ҳаққимиз йўқ», — деди Фозилов.

Бош ҳакамнинг таъкидлашича, хорижий иштирокчилар уйига қайтиб кетишидан олдин ҳам тўлиқ текширувлардан ўтади.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Бу йилги «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасида 8 давлат — Ўзбекистон, Хитой, Россия, Беларус, Вьетнам, Мьянма, Фаластин, Тожикистон жамоалари, «Дала ошхонаси» мусобақасида 5 мамлакат — Ўзбекистон, Вьетнам, Россия, Беларус ва Тожикистон жамоалари қатнашмоқда.

Маълумот ўрнида 22 августдан 5 сентябргача давом этадиган «АрМИ — 2021» Халқаро армия ўйинларида 43 давлатдан 295 та жамоа иштирок этаяпти. Бу йилги ўйинларда Ўзбекистон 24 та йўналиш мусобақаларида куч синашади.