Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 14 августдаги қарори билан пойтахт ИИББ ХББнинг Нурафшон айланма йўли бўйлаб чорраҳаларга «ақлли светофорлар» ўрнатиш ҳақидаги таклифи маъқулланди. Ҳужжат E-Qaror порталига жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, йўл ускуналарини ўрнатиш ишлари билан шаҳар ҳокимлигининг «Ягона бюуртмачи хизмати» инжиниринг компанияси шуғулланади. Лойиҳа маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

«Ақлли светофорлар» Нурафшон йўлининг Лабзак, Себзор, Қорасарой, Сағбон, Фаробий, Беруний, Боғ, Кўчча дарвоза, Хумдонсой, Самарқанд дарвоза, Оқлон 3-проезд, Шимолий Олмазор кўчалари билан кесишмаларига ўрнатилади.

Фото: Яндекс.Карталар.

Уч ой давомида светофорларнинг ишлаши мониторинг қилиб турилади. Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонасига мазкур чорраҳаларда электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш топширилди.

«Ақлли светофорлар»ни ўрнатиш президентнинг 2021 йил 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган эди.

«Ақлли светофор» тафсилотлари маълум қилингани йўқ, бироқ Москвадаги худди шундай светофорлар компьютер билан боғланган. Уларни бошқарадиган дастур ўзи қарор қабул қилиши, бошқа светофорлар билан «маслаҳатлашиши» ва улар билан синхрон равишда ишлаши мумкин.