20 август куни кечқурун афғонистонлик аёл Ўзбекистон орқали эвакуация вақтида фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.

Қўшни Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазият туфайли хорижий мамлакатлар ўз фуқаролари ва афғон қочқинларини Ўзбекистон ҳудуди орқали эвакуация қилмоқда. Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали 1982 нафар чет эл фуқаросини эвакуация қилиш таъминланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Афғонистондан парвозлар амалга оширилаётган аэропортнинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, унга тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳамдаТошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясидан бригада навбатчилари жалб этилган. Тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган инсонларга зарур хизматлар кўрсатилмоқда.

Хусусан, 1999 йилда туғилганафғонистонлик фуқаро Э. А. «Ҳомиладорлик 1. Туғруқ 1. 39−40 ҳафта.» ташхиси билан тез тиббий ёрдам бригадаси орқали И.Иргашев номидаги Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига ётқизилган эди. Жума куни кечқурун ушбу муассасада 22 ёшли Э.А. илк фарзандини дунёга келтирди. Афғонистонлик ёш она 3 килограмм 840 грамм вазн билан туғилган ўғлини ўзбек шифокорлари ёрдамида қўлига олди. У маълум муддат мутахассислар назоратида бўлиб туради.

Ўзбекистон ТИВ яқинда 150 нафар афғон фуқароси ўз хоҳишига кўра Ватанига қайтарилгани ҳақида хабар қилган эди. Ўзбекистон «Толибон» раҳбарияти вакиллари билан «ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш» бўйича келишиб олган.