Ўзбекистонга айрим турдаги юк машиналарини олиб кириш учун божхона божи ва утилизация йиғими 2025 йилгача бекор қилинди. Бу ҳақда тегишли президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган айрим транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилади. Булар:

  • «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);
  • тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39).

Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилинади:

  • «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;
  • автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва яримтиркамалар.