Президент бир гуруҳ тадбиркорларга миннатдорчилик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда янги иш ўринларини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш йўлида ҳисса қўшаётган 100 нафар тадбиркорга миннатдорчилик билдирди.

«Ҳоким, бош вазир бўлганимда тадбиркорлар муаммоларини билардим, уларга ечим топиш армоним бор эди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бошланди. У тадбиркорлар билан ишламаётган ҳокимларни танқид қилди. «Президент вақт топаяпти, нега ҳокимлар вақт топмайди? Мана ҳозир вилоят, шаҳар, туманларни ҳокимлари ўтирибди, улар яхшилаб эшитиб олиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитларни яратишимиз зарур» — президент

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлаётган очиқ мулоқотда тадбиркорлар иқтисодиёт ва ислоҳотлар таянчи ҳамда локомотивига айланганини таъкидлади. Сўнгги 3−4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда, кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилгани айтилди.

Банкларга бериладиган кредитлар муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади

Президент тадбиркорларга кредитни миллий валюта — «сўм»да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилди. 1 октябрдан илгари 1 млн долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 млрд долларга яқин кредитлари миллий валютага ўтказиб берилиши айтилди.

«Инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз» — президент

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда ҳамма арзон кредит олишни хоҳлашини, бироқ фоизни сунъий пасайтириш бозордаги мувозанатга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади. «Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун, иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим», — деди давлат раҳбари.

«Солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ортгани мени хавотирга солмоқда» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани уни хавотирга солаётганини таъкидлади. Солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан, жиддий чораларни амалга ошириш зарурлиги айтилди.

5000 ва 10 000 сўмлик купюраларнинг янги дизайни эълон қилинди

5000 сўм ва 10 000 сўм номиналдаги янги банкноталар 26 августдан муомалага чиқарилади. Марказий банк уларнинг дизайнини эълон қилди. 2013 йил ва 2017 йил намунасидаги банкноталар тўлов қобилиятини йўқотмайди.

Юк машиналари импортига имтиёзлар жорий қилинмоқда

2025 йилга қадар Ўзбекистонга айрим турдаги юк машиналарини олиб кирганда божхона божи, утилизация ва автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилади.

«Дарахтлар — реклама жойи эмас!» — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

Йил бошидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 1300 дан ортиқ дарахтларга реклама ўрнатиш ҳолатларини аниқлаган. «Реклама тўғрисида"ги қонун ва ҳукумат қарорига мувофиқ, дарахтларга реклама жойлаштириш тақиқланади.

Президент 20 августни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувни ҳар йили ўтказиш кераклигини таъкидлаб, 20 августни мамлакатда «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев темир йўл юкларини ташиш соҳасидаги монополияни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев темир йўл юкларини ташиш соҳасидаги монополияни танқид қилди ва хусусий логистика операторлари ўзининг вагонлари билан фаолиятини бошлашини маълум қилди. Президент «Ўзбекистон темир йўллари» раисига монополияни бартараф этиш тўғрисида топшириқ берди. «Керак бўлса, ўзинг ташкиллаштирасан, ўзинг кредит оласан, ўзинг банкларга ялинасан», — деди у монопол компания раҳбарига юзланиб.

«Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30−40 фоизга арзонроқ сотар эдик» — президент

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортга ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроққа сотилган, дея таъкидлади президент. Унинг сўзларига кўра, келгусида рақобат муҳитининг шаклланиши, Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятларида янги заводлар қурилиши натижасида автозавод ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишига тўғри келади.

150 нафар Афғонистон фуқароси орқага қайтарилган — ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг 150 нафар фуқароси ўзи хоҳиши билан ватанига қайтарилганини маълум қилди. Ўзбекистон «Толибон» раҳбарияти вакиллари билан «ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш» бўйича келишиб олган.

Ўзбекистон орқали Афғонистондан қарийб 2000 чет эл фуқароси эвакуация қилинди

Охирги бир неча кунда Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан қарийб 2000 нафар чет давлатлар фуқаролари эвакуация қилинди, дея хабар берди ТИВ.