Хитой парламенти оилаларга учта фарзанд кўришга рухсат берувчи қонунга ўзгартириш киритишни маъқуллади

Бутунхитой халқ вакиллари йиғилишининг доимий қўмитаси (парламент) «Aҳоли ва туғилишни режалаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Эндиликда оилаларга учта фарзанд кўришга қонуний равишда рухсат берилди.

Хабарга кўра, қонуннинг янги таҳририда давлат аҳоли ўртасида эрта ёшда никоҳ тузиш ва бола кўришга кўмаклашади. Бундан ташқари, мамлакат ҳокимияти болали ёш оилаларга молиявий, солиқ, суғурта, таълим ва уй-жой имтиёзларини жорий этиш ва ёш авлоднинг туғилиши ва тарбияси, шунингдек, таълим хизматлари учун ота-оналарнинг харажатларини камайтириш мажбуриятини олади. Маҳаллий ҳокимият ва иш берувчилар ёш болаларни тарбиялаётган ходимларга қўшимча таътил тақдим этгани учун ҳукумат томонидан рағбатлантирилади. — ТАСС (Синьхуа).

Аввалроқ хабар берганимиздек, бундай қарор мамлакатдаги демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, аҳолининг тез қариши сабабли қабул қилинган эди.


Туркияда янги карантин чекловлари жорий этилди

Туркия президенти Тоййип Эрдоған мамлакат ҳукуматининг коронавирусга қарши кураши доирасида бир қатор янги чеклов чоралари жорий этилганини эълон қилди. Хусусан, кинотеатр ва концерт залларига ташриф буюришдан олдин эмланмаган фуқаролар ПЗР тест-синовидан ўтадилар. Шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар учун коронавирусга тест топшириш мажбурий бўлади. «6 сентябрдан мактабларда [анъанавий] ўқиш бошланиши билан ҳали эмланмаган ўқитувчилар ва бошқа ходимлардан ҳафтасига камида икки марта ПЗР текширувидан ўтиши сўралади», — деди Эрдоған. — Hurriyet.


Барча чет эллик талабалар ўқиш учун Россияга қайтишлари мумкин

Барча чет эллик талабаларга ўқишни давом эттириш учун Россияга келишга рухсат берилади. Бу ҳақда Meduza Россия таълим ва фан вазири Валерий Фальковнинг сўзларига таяниб хабар бермоқда. «Россиянинг деярли барча университетлари ўқув йилини анъанавий форматда бошлайдилар. Aммо пандемия чекловлари туфайли чегараларимиз ёпилган хорижий давлатлардан келган талабалар мамлакатга кира олишмади. Ўз ватанида болалар кўпинча масофадан ўқитиш дастурларига киришда муаммоларга дуч келишарди», — деди Фальков.

Унинг қўшимча қилишича, Россияга кела олмайдиган чет эллик талабалар учун масофавий форматда ўқиш учун шароитлар ташкил қилинади. Шунингдек, чет эллик талабаларга коронавирусга қарши эмланиш имкониятини тақдим этилади.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

Афғонистондаги вазият

  • «Толибон»нинг Қатардаги сиёсий идораси расмий вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳин хорижий давлатларни Aфғонистонни тиклаш ва унинг табиий бойликларини ўзлаштиришда иштирок этишга таклиф қилди. «Биз уруш ва вайронагарчилик босқичидан эндигина чиқдик ва Aфғонистон халқи бошқа давлатлардан ёрдамга муҳтож бўлган янги босқичга кирдик. Улар бизга соғлиқни сақлаш, инфратузилма, таълим ва бошқа соҳаларда ёрдам бериш учун келишлари керак. Улар келиб, бизнинг табиий бойликларимизни ўзлаштириши мумкин», — деди у. Шоҳиннинг таъкидлашича, «бу таклиф барча мамлакатларга тааллуқлидир» ва «Толибон» Aфғонистон тарихида шундай муҳим пайтда ҳар қандай давлатнинг ёрдамини қадрлайди.
  • «Толибон» Кобулда комендантлик соати жорий қилди. Фавқулодда ҳолатлардан ташқари, ҳеч кимга 21:00 дан тонггача уйдан чиқишига рухсат йўқ. Ҳаракат рухсатнома олиш учун «ҳамма жойда» алоқа телефон рақамларини эълон қилган.
  • Khaama Press’нинг ёзишича, «Толибон» жиноятчилар — ўғрилар ва қароқчилар билан фаол кураш олиб бормоқда, уларни ҳибсга олиб, қонун олдида жавоб беришга топширмоқда. Бундан ташқари, ўғил болалар ва қизларга жинси шим кийиш тақиқланмаган, мусиқий аудио ёзувларни тинглашга ҳам рухсат берилган. Шу билан бирга, ресторан ва кафеларда баланд овозда мусиқани қўйиш тақиқланган. Телевиденияда мусиқий концертлар ва сериаллар трансляцияси тўхтатилди.
  • «Aфғонистон радио ва телевидениеси» (RTA) миллий компаниясининг икки нафар журналист ходимаси «Толибон»га мурожаат қилиб, уларни иш жойига қайтаришни сўрашди. «Мен ўз ишимга киришишмоқчи эдим, лекин Толибон менга рухсат бермади. Улар режим ўзгарди, мен энди ишлай олмаслигимни айтишди», — деди RTA бошловчиси Шабнам Хон Даврон. Унинг айтишича, вакиллар унга ҳатто компаниянинг офисига киришни ҳам тақиқлаган. Бошқа ходиманинг айтишича: «Aйни пайтда дастурларда ўзгаришлар бор. Толибон ўзлари хоҳлаган кўрсатувларни узатмоқда. Журналист аёллар, телебошловчи аёллар ишдан ҳайдалмоқда». Ҳаракат бунга ҳеч қандай изоҳ бермади.
  • Баъзи собиқ афғон расмийларининг оила аъзолари, уларнинг қариндошлари йўқолган ёки «Толибон» томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар беришмоқда. Маълумотларга кўра, ҳаракат Лағмон вилоятининг собиқ губернатори ва собиқ полиция бошлиғини ҳибсга олган, Ғазни вилоятининг собиқ полиция бошлиғи ҳам ғойиб бўлган.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти

  • Германия Ҳарбий ҳаво кучлари Кобулдан Тошкентга 11 та эвакуация рейсини амалга оширди. Ҳаммаси бўлиб 1,6 минг киши олиб чиқилди.
  • Қозоғистон ҳукумати «Толибон» Aфғонистонни эгаллаб олганидан сўнг уни тан олмади, дея маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Aкан Раҳметуллин. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон «Толибон» билан ҳеч қандай сиёсий алоқа ўрнатмаган.
  • Қирғизистон чегара хизмати Aфғонистондан қочқинларнинг мамлакатга келиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Шу билан бирга, идора Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарада «хавфсизликни таъминлаш мақсадида» вақтинчалик чегара постлари ташкил этилганини маълум қилди.
  • БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Aфғонистонга «хавфсизликда ишончсизлик туфайли» гуманитар ёрдам кўрсатишни вақтинча тўхтатди. Таъкидланишича, дастур фаолияти яқин орада тикланади.
  • Браун университети АҚШнинг Афғонистондаги урушга сарфлаган харажатларини 2,26 трлн долларга баҳолади. Бу урушнинг ҳар бир куни учун ўртача 300 миллион доллар дегани. АҚШ ушбу урушдаги харажатларнинг асосий қисмини қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирган. 2050 йилга бориб ушбу қарзлар фоизлари қиймати 6,5 трлн долларга етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Шунингдек, Афғонистондаги уруш давомида 174 минг нафар атрофида қурбонлар бўлгани маълум қилинди.

Шунингдек:

  • Малайзия олий раҳбари Aбдулла ал-Мустафо бош вазир лавозимига Бирлашган малай миллий ташкилоти вице-президенти Исмоил Сабри Якоб номзодини тасдиқлади. 16 август куни мамлакат собиқ бош вазири Муҳиддин Яссин истеъфога чиқишини эълон қилган эди.
  • Исроил ҳукумати дунёда биринчи бўлиб 40−50 ёшдаги аҳоли учун коронавирусга қарши вакцинасининг учинчи дозасини маъқуллади. Aвгуст ойи бошида мамлакат 50−60 ёшдаги аҳолини эмлашда учинчи дозадан фойдаланишга рухсат берган эди. Тахминан 9,3 млн аҳолиси бўлган Исроилда 5,4 млндан ортиқ одам иккита доза билан, 1,3 млни эса учта доза билан эмланган, дея хабар беради Associated Press.