Айни вақт давом этаётган президент ва ишбилармонлар мулоқотида Шавкат Мирзиёев солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани уни хавотирга солаётганини таъкидлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, жорий йил 6 ойда 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган. Шунинг учун, [Жамшид] Қўчқоров (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири — таҳр), [Тимур] Ишметов (Молия вазири — таҳр), [Шерзод] Қудбиев (Давлат солиқ қўмитаси раиси — таҳр), [Русланбек] Давлетов (Адлия вазири — таҳр), [Дилмурод] Қосимов (Бизнес-Омбудсман — таҳр) бир ой муддатда, солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра, молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин», — деди у.

Шундан келиб чиқиб, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан, жиддий чораларни амалга ошириш зарурлиги айтилди.

«Келгуси йил 1 январдан бошлаб, солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали, бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди», — деди президент.

Ҳозирда, 228 мингта кичиктадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда, солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.

«Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса, тўлиқ бекор қилинади», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, президент ишбилармонлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди. «Банкларнинг капиталини ошириш бўйича, қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида, қўшимча 600 млн доллар ажратилади», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент тадбиркорларга кредитни миллий валюта — «сўм»да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилган эди.

Давлат раҳбари ҳамма арзон кредит олишни хоҳлашини, бироқ фоизни сунъий пасайтириш бозордаги мувозанатга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтган.