Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази июль якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида талабнинг пасайишини қайд этди. Бу ҳақда марказ «Газета.uz»га хабар қилди.

Июль ойида Ўзбекистонда 18,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари тузилди, бу 2020 йилнинг мос даврига (16,1 минг) нисбатан 12,5%га кўпдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 16%га камайди.

Ҳудудлар бўйича жорий йилнинг июнь ойига нисбатан барча ҳудудларда талабнинг пасайиши кузатилди. Энг юқори пасайиш суръатлари Бухоро (27,3%), Наманган (22,1%), Қашқадарё (20,7%), Навоий (18,1%), Самарқанд (17,8%) вилоятларида қайд этилди.


Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси.

Марказнинг қайд этишича, жорий йил июль ойи кўрсаткичларини ўтган йилнинг июль ойи билан таққослаш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, чунки 2020 йил июль ойи локдаун ҳолати жорий этилган эди.

Кўчмас мулк бозорида битимлар сони камайишининг асосий сабаблари — эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви бўлиб, бунинг натижасида потенциал харидорлар ҳозирги бозор шароитларида битимлар тузишни фойдасиз ҳисоблаб, ноаниқликлар тарқалишини кутишади.

Шу билан бирга, таъкидланишича, карантин чекловлари бутун мамлакат бўйлаб амал қилмоқда, бу ҳам иқтисодиётга босим ўтказишда давом этмоқда. Бу марказ томонидан ўтказилган параллел тадқиқотда ҳам қайд этилган, хусусан кичик ва ўрта бизнес вакилларининг 17 фоизи пандемиянинг товарлар/хизматларга бўлган талабга салбий таъсирини қайд этган.

Кўчмас мулк бозорида талабнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлган бошқа омиллар орасида аҳолига берилган ипотека кредитлари сонининг камайиши ҳам бор.


Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг июль ойида ипотека кредитлари сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,3%га камайган. Июнь ойида эса пасайиш 53% ни ташкил этди.

Умуман олганда, 2021 йил 7 ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда 19,2 фоизга камайди.

Кузга бориб, таътил мавсумининг тугаши ҳамда фаол иш мавсумининг бошланиши билан кўчмас мулк бозорида талабнинг ошиши кутилиши мумкин, деб ҳисоблайди марказ. Шунингдек, оммавий эмлаш ҳам талабни тикланишига ёрдам беради.

Аввалроқ «Газета.uz» Марказий банк маълумотларига таянган ҳолда 2021 йилнинг биринчи ярмида ипотека бозорадига вазият ҳақида ёзган эди.