Польша Ҳарбий-ҳаво кучларининг Lockheed C-130H Hercules ҳарбий самолёти 18 август куни 50 кишини Афғонистондан Ўзбекистонга олиб келди, дея хабар қилди PAP нашри Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Марцин Пшидачга таянган ҳолда.

Эвакуция қилинганлар орасида Польша фуқаролари ҳамда мамлакатнинг Афғонистондаги давлат муассасалари ва дипломатик миссиялари фаолиятида иштирок этган, ҳамкорлик қилган бошқалар бор.

Эвакуациядан аввал Польша ТИВ раҳбари ўринбосари Марцин Пшидач Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозиловга фуқароларни эвакуация қилишда кўмак кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.

Навоийда Польшанинг LOT фуқаро авиациясига тегишли Boeing 787 йўловчи самолёти эвакуация қилинган фуқароларни Навоий аэропортидан Польшага олиб кетди. Мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий навбатдаги транспорт Кобулда қолган одамларни олиб келишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Польша қочқинларни эвакуация қилишда ЕИ ва НАТОга ёрдам бериш истагида.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон Афғонистондан мамлакат фуқаролари ва ҳимояга муҳтож бир қанча афғонларни эвакуация қилиш ишларида Германияга кўмак кўрсатмоқда. Одамларни Кобулдан Тошкентга Бундесвер ҳарбий самолётлари олиб келмоқда, шундан сўнг маҳаллий йўналишлар аэропортида улар Lufthansa ва Uzbekistan Airways авиакомпаниялари йўловчи лайнерларига кўчирилмоқда.