Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Н. жиноят устида қўлга олинди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz».

ДХХ матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу хабарни тасдиқлади.

Хабарда кўрсатилган бош ҳарфлар ва лавозимга қараганда, гап ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Абдухалилжон Нурматов ҳақида кетмоқда.

Қайд этилишича, у Қўқон минтақавий темир йўл узели молия бўлими бошлиғи ўринбосари О.М. билан бирга ушланган.

Икки мансабдор жиноий тил бириктириб, бир тадбиркорга мазкур темир йўл узели балансида бўлган 2,5 гектар ер майдонидаги бино ва иншоотлар бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларда унинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда. Улар ушбу маблағдан 10 минг долларини олаётганида тегишли органларнинг тезкор ходимлари томонидан ушланган.

Айни пайтда уларга нисбатан фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Газета.uz» ҳозирча Бош прокуратурадан изоҳ ололмади.