Республика махсус комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг сайловолди жараёнларда фаол иштирок этишлари учун зарур шарт-шароит яратиш, ушбу муҳим сиёсий жараёнда сиёсий партияларнинг қонун билан кафолатланган сайловолди тадбирларини амалга оширишларини таъминлаш билан боғлиқ айрим масалалар кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон президентлигига номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот олиб бориш ҳуқуқи таъминланади. Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Комиссиянинг қарори билан республикада фаолият кўрсатувчи сиёсий партияларнинг Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясини «юқори савияда халқаро стандартларга мос равишда ўтказиш мақсадида» сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон президентлигига номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди, дейилади хабарда.

Бунда сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда иштирокчилар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш, антисептик воситалардан фойдаланишга риоя этиш каби санитария-гигиена ва карантин талабларига риоя этишга ҳамда учрашувларга таклиф этилаётган фуқароларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмланганлигига эътибор қаратиш тавсия этилди, дея таъкидлади ССВ.

23 июль куни 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига старт берилиб, сайлов кампанияси бошланиши расман эълон қилинган.