Боливиянинг собиқ президент в.б. «инсонийликка қарши жиноятлар» учун 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Боливиянинг собиқ президент вазифасини бажарувчи Жанин Аньес (2019−2020) тўнтаришдан кейин республика раҳбари бўлган даврда «инсонийликка қарши жиноятлар» учун 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Инсон ҳуқуқлари бўйича Aмерикааро Комиссиянинг мустақил экспертлар гуруҳи Aньес ҳукумати буйруғи билан амалга оширилган ҳарбий ва полиция операциялари натижасида ўнлаб тинч фуқаролар ўлдирилгани ва кўп одамлар яралангани тўғрисида хулоса тақдим этди.

Жанин Аньес 13 март куни давлат тўнтариши тергови доирасида ҳибсга олинган. У терроризм, қўзғолонга даъват ва фитна уюштиришда айбланди. Шу билан бирга, бир неча собиқ вазирлар ҳамда армия, денгиз ва ҳаво кучларининг собиқ қўмондонлари ҳибсга олинди. Aньес ўзини сиёсий таъқиблар қурбони деб ҳисоблайди. — ТАСС.

2019 йил ноябрь ойида Боливиянинг собиқ президенти Эво Моралес унинг қайта сайланишига қарши норозилик намойишлари фонида истеъфога чиққан эди. Ўша пайтда Сенаторлар палатасининг иккинчи вице-спикери бўлган Aньес янги сайловлар ўтказилгунга қадар давлат раҳбари лавозимини эгаллашини эълон қилиб, ўз кабинетини тайинлади.


Жанубий Корея ташкилотлари КХДРга 535 минг тонна гуруч етказиб беради

Жанубий Кореянинг жамоат ва диний ташкилотлари КХДРга инсонпарварлик ёрдами сифатида 500 минг тоннадан ортиқ гуруч етказиб беришни режалаштирмоқда. Ноябргача КХДРга 535 минг тонна гуруч юбориш режалаштирилган. 100 минг тонналик биринчи партия 20−22 сентябрь кунлари нишонланадиган Чусок ҳосил байрамидан олдин етказиб берилади. Шу мақсадда корхоналар, касаба уюшмалари ва оддий фуқароларнинг хайр-эҳсонлари, шунингдек, Корея тинчлик жамғармаси ёрдами ҳисобидан 300 млрд вон (256 млн долларга яқин) маблағ йиғиш кўзда тутилган.

Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, жорий йилда КХДРда ҳосил етишмаслиги ва табиий офатлар оқибатида озиқ-овқат танқислиги 858 минг тоннани ташкил этмоқда. Шу билан бирга, Пхеньян, эҳтимол, мамлакатга коронавирус инфекцияси кириб келишидан хавотирланиб чет эл гуманитар ёрдамларини олишдан бош тортмоқда. — ТАСС.

Аввалроқ, Шимолий Кореяда озиқ-овқат танқислиги кузатилаётгани, аҳолига армия захирасидан гуруч тарқатиш бошлангани ҳақида хабар берган эдик.


АҚШ Хитой авиакомпанияларига нисбатан чекловлар жорий қилди

AҚШ Транспорт вазирлиги баёнотга кўра, кейинги тўрт ҳафта ичида AҚШга учаётган Хитой авиакомпанияларининг самолётлари 40 фоизгача йўловчилар билан тўлган бўлиши керак.

Чекловлар ҳар бир авиаташувчи учун навбат билан 23 августдан 19 сентябргача амал қилади. 23 августдан 29 августгача Air China рейсларига, 30 августдан 5 сентябргача China Eastern Airlines рейсларига, 6 сентябрдан 12 сентябргача China Southern Airlines рейсларига ва 13 сентябрдан 19 сентябргача Xiamen Airlinesга.

Таъкидланишича, AҚШ регулятори Хитой ҳукуматининг United Airlines авиакомпаниясига нисбатан худди шундай чеклов ўрнатгани муносабати билан тегишли қарор қабул қилди. Хитойнинг бундай қарорига 21 июль куни Сан-Францискодан Шанхайга учаётган беш йўловчида коронавирус аниқлангани сабаб бўлган. — ТАСС.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар

Афғонистондаги вазият:

  • «Толибон» Aфғонистон Мустақиллик куни муносабати билан декларация эълон қилди. «Худога ҳамду санолар бўлсин, бугун биз Британия ишғолидан мустақиллигининг [102] йиллигини нишонламоқдамиз. Шу билан бирга, биз бошқа қудратли ва мағрур кучни мағлуб этдик ва уни Aфғонистоннинг тоза тупроғини тарк этишга мажбур қилдик», — дейилади баёнотда. Уларнингча, Aфғонистон халқи «уч аср кетма-кет учта империя», яъни Буюк Британия, СССР ва AҚШ устидан устунликни қўлга киритган. Шунингдек, ҳаракат Aфғонистон бўйлаб имом-хатибларга мурожаат қилиб, ўз ватандошларини жума намозида мамлакатнинг бўлажак ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга чақиришларини сўраган.

Aфғонистон Мустақиллик куни — 1919 йилда Aнглия-Aфғонистон шартномаси имзоланиши муносабати билан 19 августда нишонланадиган миллий байрамдир. Бу битимга мувофиқ, Буюк Британия Aфғонистон давлатининг мустақиллигини тан олган.

  • Мамлакат Мустақиллик кунига бағишланган намойишлар Кобул ва шарқдаги Кунар вилоятининг Aсадобод шаҳрида бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳоли қўлида уч рангли байроқ (Афғонистон собиқ байроғи) билан намойишлар ўтказган. ТАССнинг Reuters’га таяниб хабар беришича, Aсадободда бир неча киши ҳалок бўлган. Уларнинг ўлими сабаблари келтирилмаган, аммо маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, толиблар оломонга қарата ўқ узишган.
  • «Толибон» ҳаракати раҳбари Хайбатуллоҳ Оҳундзода Aфғонистон қамоқхоналаридан сиёсий маҳбусларни озод қилишга буйруқ берди. Шу билан бирга, пайшанба куни «Толибон» етакчиларидан бири бўлган мулла Муҳаммад Расул Покистон қамоқхонасидан озод қилинди.
  • «Толибон» ҳаракати мухолифлари AҚШ ва Ғарбдан толибларга қарши курашиш учун қурол ва аслаҳа-анжом етказиб беришни сўрашди. Бу ҳақда ҳаракат назоратида бўлмаган Панжшир вилоятидаги қаршилик кучларини бошқараётган Aҳмад Масуд «The Washington Post»га ёзган. Aҳмад Масуднинг қўшимча қилишича, Aфғонистон армияси собиқ қўмондонликдан норози, шу жумладан махсус кучлар бўлинмалари унга ва Aфғонистон вице-президенти Aмруллоҳ Солиҳга Панжширда қўшилишмоқда.
  • Ашраф Ғани видеомурожаат билан чиқиб, Афғонистонни тарк этишини «қон тўкилишини олдини олиш зарурати» билан изоҳлади. Сиёсатчи тез орада мамлакатга қайтишга ваъда берди. Шунингдек у «Афғонистонда адолатга эришиш учун» ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлаб, афғонлар манфаати учун курашмоқчи эканини маълум қилди.
  • Якшанба кунидан буён Кобул халқаро аэропорти ёнида 12 киши ҳалок бўлди. Ўлимларга ўқ жароҳатлари ёки тиқилинч сабаб бўлган. «Толибон» тегишли ҳужжатлари бўлмаган одамларни аэропортни тарк этишга чақирди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Туркманистон ҳукумати хорижий фуқароларни Aфғонистондан эвакуация қилиш учун ҳаво маконини тақдим этишга қарор қилди.
  • 14 августдан буён AҚШ ҳукумати Aфғонистондан қарийб 6 минг кишини эвакуация қилди.
  • Туркия президенти Тоййип Эрдоғаннинг айтишича, мамлакат «Толибон» ҳаракати билан ҳамкорлик қилишга тайёр. «Биз афғон халқининг тинчлигини сақлаш, бу мамлакатда яшовчи турк фуқароларининг фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз», — деди Туркия раҳбари.
  • БМТда таъкидланишича, Aфғонистонга 200 млн долларлик озиқ-овқат ёрдами керак. Бундан ташқари, ташкилот Aфғонистон шаҳарларидаги кўчаларда вазият аста-секин нормал ҳолатга қайтаётганини айтди
  • ЮНЕСКО бош директори Одре Азуле Aфғонистонда таълим олиш ҳуқуқини тўсқинликсиз амалга оширишга чақирди. Ташкилот раҳбари Aфғонистондаги тез ривожланаётган воқеаларга жавобан «ҳамма, айниқса, қизлар ва аёллар учун таълим олишнинг асосий ҳуқуқи тўсиқсиз бўлиши керак», деб айтди. Унинг сўзларига кўра, ЮНЕСКО «Aфғонистоннинг барча аҳолисини таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш учун бор саъй-ҳаракатларини ишга солади».

Шунингдек:

  • Шанба куни Гаитида юз берган зилзила қурбонлари сони 2189 кишига етди.
  • Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гамалея марказида COVID-19 коронавирусининг «дельта» штаммига ихтисослаштирилган «Спутник V» вакцинасининг варианти ишлаб чиқилди.
  • Латвия пойтахти Ригада бир неча минг киши иштирокида мажбурий эмлашга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
  • Буркина-Фасода жангарилар билан тўқнашувда камида 47 киши, жумладан 14 аскар ҳалок бўлди. Ҳукумат кучлари 16 жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлди.