Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сергели туман бўлими ходимлари банк назоратчи-кассири валюта айрибошлаш шаҳобчасидан 32 500 АҚШ долларини ўзлаштирганини аниқлади.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда банкнинг Сергели филиали қошидаги «Ўзгариш банк хизматлари маркази» назоратчи-кассири Ю.Н. ва бош мутахассиси М.Ш.лар шу йилнинг 14−17 июль кунлари марказнинг валюта айрибошлаш шаҳобчасидан ўзларига ишониб топширилган 32 500 долларни олишгани ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишгани айтилмоқда.

«Шунингдек, Ю.Н. ўзлаштирган маблағларининг бир қисмини „Lacetti“ русумли автотранспорт воситасини сотиб олиш ҳамда яшаш хонадонини таъмирлаш ишларига сарфлаб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирган», — дейилади хабарда.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.