Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганини «қон тўкилишини олдини олиш зарурати» билан изоҳлади. Бу ҳақда у чоршанба куни Facebook`даги видеомурожаатида маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

У ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларида эканини тасдиқлади. «Мен Кобулни тарк этишга мажбур бўлдим, пойтахтда қон тўкилишининг сабабчиси бўлишни хоҳламадим», — дея таъкидлаб, «уни қидиришгани» ҳақида айтди.

«Соқчилар толиблар пойтахтга киргани ва тўнтаришга ўхшаган бир нима бўлгани ҳақида айтганида мен саройда эдим», — деди Ғани.

Ғани ўзини хоин деб ҳисобламаслигини таъкидлади. «Мен ўз Ватанимга хиёнат қилмаганман ва ҳаммадан миш-мишларга эътибор бермасликни сўрайман, биз Кобулга тинчлик тиладик ва унинг йўқ қилинишини хоҳламадик. Умид қиламанки, Афғонистондаги уруш якун топади. Бу муваффақиятсизлик учун бизнинг қуролли кучлар жавобгар эмас, бу бутунлай сиёсатчилар зиммасида», — деди у.

Шунингдек, у «Толибон» билан Кобул хавфсизлигини таъминлаш ва ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича музокаралар олиб борганини қайд этди.

Ғани тез орада мамлакатга қайтишга ваъда берди.

«Мен [Бирлашган Араб] Амирликларидаман, лекин яқин келажакда ўз Ватанимга қайтаман», — дея, қайтишдан олдин «бошқалар билан маслаҳатлашаётганини» айтди. Ашраф Ғани «Афғонистонда адолатга эришиш учун» ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлаб, афғонлар манфаати учун курашмоқчи эканини маълум қилди.

Ғани, шунингдек, катта миқдордаги пулни мамлакатдан олиб чиқиб кетгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» ҳаракати аъзолари Қобулга кириши билан Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг энг яқин ёрдамчилари мамлакатни тарк этган эди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон этник гуруҳларининг айрим шахслари ва етакчилари борлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Кейинроқ Ўзбекистон ТИВга тегишли бўлган «Дунё» ахборот агентлиги Ўзбекистонда Афғонистон этник гуруҳларининг арбоблари ва етакчилари йўқлиги ҳақида маълум қилган.

Чоршанба куни эса БАА Ташқи ишлар вазирлиги Ашраф Ғани оиласи билан Бирлашган Араб Амирликларида эканлиги ҳақида хабар берган.