Вазирлар Маҳкамасининг «Расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси ўтган йилнинг 9−24 декабрь кунлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган эди.

Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишча, муҳокамадан кейинги давр мобайнида ҳужжат янада такомиллаштирилган ва кўплаб ўзгартишлар киритилган. Унга кўра, тез кунларда апостилни электрон тарзда олиш ва текшириш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, электрон апостиль тизими чет эл мамлакатларида 2006 йилдан жорий этила бошланган. Апостиль билан хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенциянинг (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) аъзоси бўлган давлатларнинг барчаси электрон апостиль қўйилган расмий ҳужжатни тан олишга мажбурдир.

Халқаро ҳусусий ҳуқуқнинг Гаага Конференцияси томонидан белгиланган қоидаларга кўра, ваколатли органлар электрон апостиль тизимини жорий этмасдан, электрон ҳужжатларга анъанавий тарзда апостиль қўйилиши ман этилади. Бу эса дунё бўйлаб электрон апостиль тизими ривожланишига туртки бўлди.

Расмий ҳужжатларга электрон тарзда «Apostille» махсус штампини қўйиш тартиби АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Бельгия, Корея, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия каби мамлакатларда жорий этилган.

Гаага Конференцияси томонидан Электрон апостиль модели асосида бўлган баъзи техник жиҳатлари тўғрисидаги Меморандум имзоланган (2017 йил 18 апрелдаги 18-сон ҳужжати). Унга кўра, Конвенциянинг аъзоси бўлган давлатларнинг барчасида электрон апостиль тизими мазкур Меморандумда белгиланган қоидалар асосида жорий этилиши лозим.

140 мамлакат аъзо бўлган Гаага Конвенциясига асосан бугунги кунда 41 давлатда E-register тизими орқали Апостиль қўйилган ҳужжатларни текшириш, 19 давлатда E-App дастури орқали Апостилни электрон кўринишда қўйиш имконияти яратилган.

МДҲ давлатлари орасида Тожикистонда электрон апостиль тизими 2016 йилда жорий этилган. Россияда эса E-register тизими 2014 йилдан бери муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон мазкур Гаага Конвенциясига 2011 йилнинг 25 мартида аъзо бўлган. Бироқ, ҳозирга қадар мамлакатда апостиль қоғоз шаклда бериб келинмоқда.

Амалдаги муаммолар

ДХА матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, ушбу қарор лойиҳасини ишлаб чиқишга амалдаги тартиб билан юзага келаётган бир қанча муаммолар сабаб бўлган.

1. Апостиль қўйиш бўйича давлат хизмати Ташқи ишлар вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари, Олий суд, Бош прокуратура ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан анъанавий тарзда (қоғоз шаклда) кўрсатиб келинмоқда. Давлат хизматидан фойдаланиш учун фуқаро Тошкентга, адлия органларидан чиқадиган ҳужжатлар учун эса — вилоят марказларига бир неча марта қатнашига тўғри келади.

2. Ҳозирда, бутун республика бўйича апостиль қўйилган ҳужжатларнинг ягона реестрини (электрон маълумотлар базасини) юритиш имконияти мавжуд эмас. Ҳар бир ташкилот ўзига келиб тушган расмий ҳужжатларга қўйилган апостиллар реестрини (журналини) юритиб келмоқда.

3. Апостиль қўйиш бўйича ариза 5 иш кунидан 20 иш кунигача бўлган муддатларда кўриб чиқилмоқда.

4. Қўйилган апостилларнинг ҳақиқийлигини Интернет орқали онлайн текшириш имконияти яратилмаган бўлиб, фақатгина ваколатли органга мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.


Янги тартиб билан киритилаётган ўзгартишлар

Лойиҳага мувофиқ, ишлаб чиқилиши кўзда тутилган дастурий таъминот ўз ичига қуйидаги компонентларни жамлаши режалаштирилган:

  • Ҳужжатларнинг Репозиторийси;
  • Имзо, муҳр ва штамплар базаси;
  • Электрон рақамли имзо хизмати;
  • Ички/Ташқи кирувчи хатларнинг реестри;
  • Тасдиқлаш кодини генерация қилиш хизмати;
  • E-Register компоненти;
  • E-Apostille компоненти.

Мазкур тартибни халқаро тажрибага мувофиқлаштириш мақсадида ДХА томонидан ишлаб чиқилган Ҳукумат қарори лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга ваколатли органлар томонидан анъанавий тарзда апостиль қўйиш тартибини сақлаб қолган ҳолда электрон тарзда «Apostille» махсус штампини қўйиш тартиби жорий этилмоқда.

Бунда ушбу давлат хизмати ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Расмий ҳужжатдаги мансабдор шахс имзоси ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изининг ҳақиқийлиги «E-App» (Electronic Apostille Programm) дастури орқали автоматик тарзда текширилади.

Ҳужжатдаги маълумотлар ҳақиқийлиги текширилганидан сўнг аризачига апостиль қўйилган расмий ҳужжат электрон тарзда юборилади.

Расмий ҳужжатга қўйилган электрон тарздаги апостиль ҳақидаги маълумотлар «E-register» дастурида жамланиши ҳамда апостилнинг ҳақиқийлиги мазкур дастур орқали текширилади.

Иккинчидан, расмий ҳужжатларга апостилни қўйиш бўйича сўровномани ваколатли идоралар томонидан кўриб чиқиш муддати 5 иш кунидан 2 иш кунига, агар мансабдор шахснинг имзо қўйиш ваколатини тасдиқлаш ва (ёки) муҳр ёки штамп босма изи намунасини талаб қилиш зарур бўлса ушбу муддат 20 иш кунидан 10 иш кунига қисқартирилмоқда.

Учинчидан, ДХА зиммасига мазкур давлат хизматини кўрсатишни техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи «E-App» ва «E-register» дастурларини ишга тушириш вазифаси юклатилмоқда.

«E-App» ва «E-register» дастурлари самарали ишлашини таъминлаш мақсадида Апостиль қўйиш ваколатига эга бўлган органлар эса ушбу маълумотларни «E-App» дастурига киритади ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.