«Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид сешанба куни Кобулда толиблар Афғонистон ҳокимият тепасига келганидан сўнг биринчи тўлақонли матбуот анжуманини ўтказди. Журналистлар билан учрашув матни Al Jazeera сайтида инглиз тилида эълон қилинган.

«Толибон» ҳаракатининг муҳим баёнотлари ва ваъдалари:

«Афғонистон энди можаро майдони эмас. Бизга қарши жанг қилганларнинг барчасини афв қилдик. Биз можарони қайтармоқчи эмасмиз. <...> Душманлик ниҳоясига етди, биз тинчликда яшамоқчимиз. Бизга ички ва ташқи душманлар керак эмас«

«Тез орада якунига етадиган маслаҳатлашувлардан сўнг биз кучли исломий ва инклюзив ҳукумат шаклланишининг гувоҳи бўламиз»

«Элчихоналар жойлашган ҳудудларда тўлиқ хавфсизлик таъминланади. Бизнинг кучларимиз у ерда суткасига 24 соат бўлиб туришибди»

«Халқаро ҳамжамиятни, шу жумладан АҚШни ҳам, Афғонистонда ҳеч ким жабр кўрмаслигига ишонтирмоқчиман. Қўшниларимизни, минтақа давлатларини бизнинг ҳудудимиздан кимгадир қарши, ҳар қандай мамлакатга қарши фойдаланишга йўл қўймаслигимизга ишонтирмоқчиман«

«Биз халқаро чегараларни ва ўзаро муносабатларни тан оламиз. Бизга ҳам шунга лойиқ муносабатда бўлиш лозим. Биз халқаро ҳамжамият билан ҳеч қандай муаммоларимиз бўлишини хоҳламаймиз, биз ўз динимиз, маданиятимиз тамойилларига асосан ҳаракат қилишни хоҳлаймиз, биз кўп қурбонликлар келтирдик»

«Ислом Амирлиги шариат доирасида аёллар ҳуқуқларига риоя қилиш тарафдори. <...> Улар турли секторлар ва соҳаларда фаолият олиб боришлари мумкин: таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар. <...> Биз халқаро ҳамжамиятни аёлларга нисбатан ҳеч қандай камситиш бўлмаслигига ишонтирмоқчимиз, лекин, албатта, ўрнатилган тартиб доирасида. Бизнинг аёлларимиз — мусулмон аёллари. Улар ҳам шариат доирасида яшашдан бахтиёр бўлишади».

«Афғонистондаги можаро якунига етиши биланоқ, биз иқтисодиёт инфратузилмасини қуришни бошлаймиз деган умиддамиз. Бунинг учун биз иқтисодий фаолиятни жонлантириш бўйича чоралар кўрмоқчимиз. Халқаро ҳамжамият, бошқа мамлакатлар билан ўзаро муносабатлар давом этади»

«Хусусий ОАВ эркин ва мустақиллигича қолишлари мумкин, улар ўз ишини давом эттиришлари мумкин, лекин баъзи талабларга риоя қилишлари керак. Исломий қадриятларни эътиборга олиш лозим <...> ОАВ миллий қадриятлар, миллий бирликка қарши ишламаслиги керак»

«Бизнинг мамлакатимиз — мусулмон мамлакати, 20 йил олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам. Лекин агар тажриба, етуклик ва узоқни ўйлаш ҳақида гап кетадиган бўлса, албатта, 20 йил олдинги ҳолат билан бизнинг ўртамизда катта фарқ мавжуд. Биз бошқача ҳаракат қиламиз»

«Барча чегаралар бизнинг назоратимизда. Ҳеч қандай қурол-аслаҳалар контрабандаси ҳолатлари бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларда ишлатиладиган барча қуроллар рўйхатга олинади»

«Биз наркотик ишлаб чиқармаймиз. Ҳеч ким наркотик контрабандаси билан шуғуллана олмайди. <...> Бундан буён Афғонистон наркотиклардан ҳоли мамлакат бўлади, лекин бунга халқаро ёрдам талаб қилинади. Биз бошқа экинларни ўстира олишимиз учун халқаро ҳамжамият бизга ёрдам бериши керак».