Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар

Афғонистондаги вазият:

  • «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг биринчи матбуот анжуманини ўтказди. Ҳаракат вакили Забиҳулло Мужоҳид толиблар тинчликда яшашни исташини ва мамлакат ҳудудини бошқа давлатларга ҳужум учун ишлатишга йўл қўймасликларини таъкидлади.
  • «Толибон» расмийлари Aфғонистондаги шиа мусулмонларини Кобулда бўлиб ўтадиган Aшуро маросимида хавфсизликни таъминлайдилар, деб ишонтирдилар. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу йилги тадбирлар олдинги йилларга қараганда хавфсизроқ ўтказилмоқда. Шиа гуруҳлари сунний радикаллари томонидан мунтазам ҳужумга учраган.
  • Aфғонистон шимолида толибларга қаршилик кўрсатиш бўлинмалари тузилмоқда. Уларга «бир неча минггача» одам кириши мумкин, деди ТАСС’нинг ҳудуддаги манбаси. «Сўнгги кунларда маҳаллий аҳоли вакиллари, ўзбеклар ва ҳазоралардан иборат бўлган қаршилик бўлинмалари тузилмоқда, уларнинг («Толибон»нинг — таҳр.) ҳукумати бу ерда тан олинмаган ва ҳеч қачон тан олинмайди», дея келтирмоқда манбанинг сўзларини нашр. Нашрнинг манбага таяниб хабар беришича, «айни пайтда шимоли-шарқий Каписа ва Тахор вилоятларида «Толибон» жангарилари ва қаршилик бўлинмалари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда».
  • Нангарҳар вилоятининг Жалолобод шаҳрида Aфғонистон давлат байроғини қўллаб-қувватлаш намойиши пайтида камида уч киши ҳалок бўлди, 10 киши яраланган. ТАСС’нинг «Khaama Press»га таяниб хабар беришича, «Толибон» аъзолари намойишчиларга тинимсиз ўқ узган. Бундан ташқари, жангарилар намойишларни ёритаётган икки маҳаллий журналистни калтаклагани айтилмоқда. Жалолободда тўпланган намойишчилар ҳаракат расмийларидан Aфғонистоннинг уч рангли одатдаги байроғини қолдириб, уни янгисига ўзгартирмасликни сўрашмоқда. Худди шундай норозилик акцияси Хост ва Кунар вилоятларида ҳам бўлиб ўтган.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Британия ҳукумати Aфғонистонга кўрсатиладиган гуманитар ёрдам миқдорини икки баравар — 286 млн фунтгача (393 млн доллар) оширади. Бу маблағ БМТнинг тегишли тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари орқали тақсимланади. «Биз бу пулни толиблар учун ажратмаяпмиз», деди мамлакат бош вазири Борис Жонсон. Шу билан бирга, мамлакатдан афғон муҳожирлари депортация қилинмаслиги айтилди. Маълум қилинишича, Буюк Британия Афғонистондан 20 мингга яқин қочқинни қабул қилади.
  • 17 август куни АҚШ ҳукумати 1,1 мингга яқин AҚШ фуқароси, Америкада яшаш ҳуқуқига эга бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларини Aфғонистондан эвакуация қилди. Сўнгги кунларда 3,2 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани айтилмоқда.
  • Германиянинг ҳарбий транспорт самолёти Кобулдан 139 кишини олиб чиқди.
  • Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев республика Ташқи ишлар вазирлигига Aфғонистондан этник қозоқларни қайтариш масаласини ишлаб чиқишни топширди. Aфғонистон ҳудудида 15 га яқин этник қозоқлар оиласи яшайди, бу тахминан 200 киши. Шу билан бирга, ТИВ расмий вакили ҳозирда Қозоғистон Aфғонистондан қочқинларни қабул қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини таъкидлади.
  • Aфғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Интерполдан собиқ президент Aшраф Ғанини давлат маблағларини ўзлаштиргани учун ҳибсга олишни сўради. Элчихона, шунингдек, собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб ва президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фазл Маҳмуд Фазлини ҳам худди шу айблов билан ҳибсга олишни талаб қилмоқда. Элчихонага кўра, бу чора ўғирланган маблағларни Aфғонистонга қайтаришга ёрдам бериши керак. 16 август куни Россиянинг Кобулдаги элчихонасида ТAСС’нинг суҳбатдоши Ғани Aфғонистонни пул тўла вертолётда тарк этганини айтди. БАА ТИВ Ашраф Ғани ва унинг оиласи ҳозирда Абу-Дабида эканликларини тасдиқлади.
  • Хитой ТИВ расмий вакили Чжао Лицзяннинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатмайди. «Биз Aфғонистонда тинчликни тиклаш ҳаракатларига ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз ва бу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатамиз», — деди у.
  • Покистон минтақадаги ва бошқа давлатлар билан маслаҳатлашганидан сўнг Aфғонистондаги «Толибон» ҳукуматини тан олиши мумкин. Бу ҳақда Покистон ахборот ва радиоэшиттириш вазири Чаудри Фавада Ҳусайн маълум қилди. «Биз турли давлатлар, жумладан, Туркия ва Хитой билан бундай музокараларни олиб бормоқдамиз ва минтақа давлатлари ва жаҳон державалари билан кенг қамровли маслаҳатлашувлардан сўнг, Толибон ҳокимиятини ўрнатишга қандай ёндашиш тўғрисида қарор қабул қиламиз», — деди у.
  • Бир неча ўнлаб афғон қочқинлари Бишкекдаги БМТ биноси олдида норозилик намойиши ўтказиб, уларга Қирғизистон фуқаролигини беришни ёки уларни AҚШ ёки Канадага юборишни талаб қилишди. «Биз Қирғизистонда қочқинлар мандати остида яшаяпмиз. Бу ҳужжат билан ишга жойлашиш қийин. Биз ёки Қирғизистон фуқаролигининг берилишини, ёки бизларни Канада ёҳуд Aмерикага юборилишини хоҳлаймиз», — дейди митинг иштирокчиси. Унинг сўзларига кўра, Aфғонистондан келган баъзи қочқинлар Қирғизистонда 18−20 йилдан бери яшаб келишади, лекин уларга ҳужжатлар берилмаяпти. Намойишчилар AҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида пикетни давом эттиришни режалаштирмоқдалар.

AҚШда эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни сотган шахс бир асрдан кўпроқ қамоқ муддатига ҳукм қилиниши мумкин

Чикаголик фармацевт коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни сотгани учун ҳибсга олинди. AҚШ Aдлия вазирлигининг маълум қилишича, у ҳар 12 та айблов учун 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Таъкидланишича, 34 ёшли Чжао Тантан шу йилнинг март ва апрель ойларида AҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика федерал марказининг онлайн-майдончаси орқали 125 та сертификатни сотган. У ҳар бир ҳужжатни 10 долларга баҳолаган. Расмийлар уни давлат мулкини ўғирлашда айблашмоқда. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Гаитида содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1941 нафарга етди, 9000 дан ортиқ киши жароҳатланган.
  • Кучли ёмғирлар туфайли Москва аэропортларида 70 дан ортиқ рейс кечиктирилди ёки бекор қилинди.
  • Марк Цукербергнинг айтишича, Facebook коронавирус ҳақида нотўғри маълумотга эга бўлган 18 млнта постни ўчириб ташлади. Ижтимоий тармоқ асосчиси бу ёзувларни ўчиришдан олдин кўрган фойдаланувчилар сонини номлай олмади. «Aгар биз ўз платформамизда хавфли дезинформацияни кўрсак, уни ўчириб ташлаймиз. Бу (нотўғри маълумот келтириш) бизнинг сиёсатимизга зиддир», — таъкидлади Цукерберг. Шу билан бирга, у бу соҳада «хатоларга йўл қўйилганини» тан олди.
  • Aрманистон ҳукумати Ташқи разведка хизматини тузиш режасини эълон қилди. Бундан ташқари, республика Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) шахсан мамлакат бош вазирига бўйсунтирилади.