10 август куни соат 21:10 ларда, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчасида жойлашган «Давлат хизматлари агентлиги» биноси рўпарасида содир бўлган ЙТҲда 9 ойлик бола ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, ҳайдовчи Ф.Э. Nexia русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, тартибга солинмаган (йўл белгилари ва чизиқлари билан белгиланган) пиёдалар ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган, болалар аравачасида бўлган, 2020 йил ноябрь ойида туғилган У.Ж.ни уриб юборган.

Вояга етмаган У.Ж. оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган.

Ҳайдовчи Ф.Э.га нисбатан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.