ФҲДЁ органлари томонидан 2021 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон фуқаролари ўртасида 143 555 та никоҳ қайд этилди, деб хабар берди ДХА матбуот хизмати.

Энг кўп никоҳ Самарқанд вилоятига (16 680 та) ва энг ками эса Сирдарё вилоятига (3 667 та) тўғри келмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг кўп қариндошлик ришталарини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти боғлаган бўлиб, жами 1517 та никоҳ қайд этилган. Рўйхатда кейинги ўринларни Сирдарё ва Жиззах вилоятлари (519 та), Самарқанд ва Жиззах вилоятлари (460 та) эгаллаган.

Мамлакатда яшаётган хорижликлар ўртасида 7 ойда тузилган никоҳ 96 тани ташкил этган. Шундан энг кўпи Тошкент шаҳри (16 та) ва Сурхондарё вилоятида (13 та) рўйхатга олинган.

Январь-июль ойларида 2113 нафар Ўзбекистон ва чет эллик фуқаролар ўртасида никоҳ қайд қилинган.

«Шундан, 1272 нафар ўзбекистонлик қизлар хорижий мамлакат фуқароси бўлган куёвларга турмушга берилди ҳамда 937 нафар хорижий мамлакат фуқароси бўлган қизлар юртимизга келин қилиб олинди», — дейилади хабарда.

ДХА матбуот хизматининг қўшимча қилишича, куёвлар қуйидаги давлатлар фуқаролари ҳисобланади:

  • Россия — 207 нафар;
  • Қозоғистон — 148 нафар;
  • Туркия — 106 нафар;
  • Тожикистон — 97 нафар;
  • Корея Республикаси — 42 нафар;
  • Қирғизистон — 37 нафар;
  • Афғонистон — 24 нафар;
  • АҚШ — 13 нафар;
  • Хитой — 11 нафар.

Келинларнинг энг кўпини эса Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Грузия, Озарбайжон мамлакатлари фуқаролари ташкил этган.

Яна бир жиҳат, ярим йил ичида ота-онаси хориж фуқароси бўлган 385 нафар бола дунёга келган. Энг кўп туғилиш Сурхондарё (70 та) ва Қашқадарё (43 та) вилоятларида қайд қилинди.