«Тошкент ва йирик шаҳарларда янги қурилишлар шаҳар ташқарисида амалга оширилади» — президент

Президент Шавкат Мирзиёев эндиликда пойтахт ва йирик шаҳарлардаги янги қурилишлар шаҳар ташқарисида амалга оширилиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, давлат раҳбари дарахтлар кесилиши масаласига тўхталиб, «яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган жойлар қолмаётганини» таъкидлади.

«Коррупционерлар беш ойда 450 млрд сўм зарар етказган» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан 500 млрд сўм миқдорида зарар етказилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилиб, етказилган зарар 450 млрд сўмни ташкил этмоқда.

«Жойларда фақат менинг ташрифим олдидан ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда» — президент

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ҳудудларга ташриф чоғида «маршрут»ни ўзгартириш жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади. Давлат раҳбарининг қайд этишича, унинг огоҳлантиришига қарамасдан, жойларда фақат президентнинг ташрифи олдидан кўча ва майдонларни тозалаш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон чегарада тинчликни сақлаш бўйича «Толибон» вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди — ТИВ

ТИВ Афғонистондаги вазият бўйича баёнотида, Ўзбекистон «қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини» қатъий билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилинди. Мамлакатнинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.

«Тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев кўплаб одамларнинг бандлиги ва даромади тадбиркорликнинг қандай қўллаб-қувватланишига боғлиқ эканлигини таъкидлади. «Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади», — деди у.

Самарқандда муфтий Усмонхон Алимовнинг жанозаси ўқилди (фото)

Марҳум шайх Усмонхон Алимовнинг жаноза намози Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ўқилди. Жанозага Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон ва бошқа давлатлардан қорилар ташриф буюрди — фоторепортаж.

Чинозда 10 нафар «жиҳодчи» қўлга олинди — ИИВ

ДХХ ва ИИВ томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда яширин фаолият олиб бораётган «жиҳодчилар» оқими аъзоларининг 10 нафари қўлга олинди. Улар «жиҳод» мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлганлиги айтилмоқда.

Ярим йилда 1272 нафар ўзбекистонлик қиз хорижликларга турмушга чиққан

Жорий йил бошидан бери мамлакатда жами 143 555 та никоҳ қайд этилди. Шундан 1272 тасида ўзбекистонлик қизлар хорижликларга турмушга чиққан. Уларнинг 207 нафари Россия, 148 нафари Қозоғистон, 106 нафари Туркия, 42 нафари Корея Республикаси, 13 нафари АҚШ ва бошқа мамлакатлар фуқаролари билан оила қурган.

Tashkent City`га кириш бепул бўлиши шарт — ХДП

Халқ демократик партияси таъкидлашича, Tashkent City мажмуасига пул тўлаб кириш — Конституция тамойилларига зид ва жамиятда табақалашувга олиб келади. «Ўзбекистонда молиявий белгиларга, шунингдек, айрим имтиёзларга кўра табақаланишга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун Tashkent City`га кириш бепул бўлиши шарт», — дейилади хабарда.

Учинчи Ренессанс нима дегани?

Шавкат Мирзиёев матбуотга берган интервьюсида Учинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон тушунчалари нимани англатишига аниқлик киритди.

1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори оширилади

Президент фармонига кўра, 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробаргаоширилади. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори ойига 270 минг сўм, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эса ойига 822 минг сўм этиб белгиланди.

Қашқадарёда спортчини ўлдирганликда гумонланиб олти киши қамоққа олинди

Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимов ўлдирилиб кетилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 7 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, улардан 6 нафари процессуал тартибда ушланди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Ислоҳотларни қилиб, тезроқ бойисак, „Толибон“ каби хатарлар унчалик қўрқинчли эмас» — иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг ёзишича, иқтисодий қолоқлик ва имкониятлар тенгсизлиги келажакда Ўзбекистон тинчлиги учун хавф туғдириши мумкин. «Бизнинг иқтисодий даражамизда биздек тинч мамлакатлар деярли йўқ, бизнинг даромадларимиз анча „хавфли“ чегарада», — дейди у. Шунингдек, у афғонистонлик юқори малакали кадрларни Ўзбекистонга олиб келиб, бошпана бериш имкониятини кўриб чиқишни ҳам таклиф қилди.

«Танлов эркинлиги муаммоси фақат университетга эмас, ҳаётнинг барча соҳаларига тааллуқли». Япониядаги магистрант Камилла Еникеева билан суҳбат

«Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Японияда таҳсил олаётган магистрант Камилла Еникеева. Биз ундан нега Японияда ўқишни танлаганлиги, Япония олийгоҳларида таҳсил олишнинг афзалликлари, университетнинг иш топишдаги ўрни, хориждаги қийинчиликлар ва Ўзбекистондаги ёшларга берадиган маслаҳатлари ҳақида сўрадик.