Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида Учинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон концепциялари нимани англатиши ҳақида сўзлаб берди.

«Дарвоқе, „янги“ деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор. Масалан, энг кўҳна байрамларимиздан бири Наврўз — Янги кун деб аталишини эсга олайлик. Ушбу қадимий байрам билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, халқимиз асрлар давомида, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, „Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!“ деган эзгу тилаклар, пок ниятлар билан яшаб келади», — деди давлат раҳбари.

«Ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз — „жадидчилик“, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз» — дея давом этди президент.

«Бу улуғ зотларнинг мақсади — жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди. Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди», — деди у.

«Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», — дея таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

«Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган „Янги Ўзбекистон“ ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига — Биринчи (маърифий — IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар — XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. «Бу — жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир», — дея қўшимча қилди президент.

«Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун „Янги Ўзбекистон“ ва „Учинчи Ренессанс“ сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда», — дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.