Марҳум шайх Усмонхон Алимов Темирхон ўғлининг жаноза намози Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Эшони Темирхон Тўра жоме масжидида ўқилди.

«Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, жанозада шайх Абдулазиз Мансур ҳамда Раҳматилла қори маъруза қилган. Жаноза намозини эса муфтийнинг ўғли ўқиган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, маросимда шунингдек, таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ҳазратнинг қавму қариндошлари, дўсту биродарлари, шогирд ва мухлислари, бутун Ўзбекистоннинг турли жойидан келганлар ҳамда хориждаги ватандош мўмин-мусулмонлар иштирок этган. Хусусан, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон ва бошқа давлатлардан қорилар ташриф буюргани айтилмоқда.

Аввақроқ, Шавкат Мирзиёев 71 ёшида оламдан ўтган муфтий Усмонхон Алимовнинг хонадонига ташриф буюриб, унинг яқинларига таъзия изхор этди. «Ҳаммамиз учун катта йўқотиш бўлди. Улуғ инсон эдилар», — деган эди президент.

Муфтий Усмонхон Алимов июль ойидан буён Москвада ўпка пневмонияси ва қон-томир касалликларидан даво муолажаларини олаётган эди. 12 август куни у ҳануз Россияда эканлиги ва аҳволи барқарор эканлиги хабар қилинганди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.