Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Унга кўра, Ўзбекистон томони Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига ва мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилишига умид билдирмоқда.

«Ишончимиз комил, вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келади ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратади», — дейилади баёнот матнида.

«Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашга ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини қатъий билдиради», — дея таъкидланди ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.

ТИВ шунингдек, Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилди.

«Шуни қатъий маълум қиламизки, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади», — дея қўшимча қилди вазирлик.