Дунё ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда Афғонистон этник гуруҳларининг арбоблари ва етакчилари йўқ.

Сўнгги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон этник гуруҳларининг айрим шахслари ва етакчилари борлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

«Хусусан, Ашраф Ғани, Абдул-рашид Дўстум, Ато Муҳаммад Нур ва бошқаларнинг исмлари тилга олинади. Расмий маълумотларга кўра, бундай ахборотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

Олдинроқ Афғонистоннинг ҳарбий ва сиёсий арбоби, асл келиб чиқиши ўзбек бўлган маршал Абдул-Рашид Дўстум 14 август куни ўзбек-афғон чегарасини кесиб ўтганлиги ва ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида эканлиги ҳақида маълумот берилган эди. Бу ҳақда Reuters ва «РИА Новости» хабар тарқатди. ТАСС агентлиги маҳаллий журналистга таяниб, айни вақт Дўстум Термезда эканлигини ёзмоқда. Мазкур хабарни «Газета.uz»га Сурхондарё вилоятидаги манбаси ҳам тасдиқлаган эди.