БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясида қайси давлат раҳбарларининг қатнашиши маълум бўлди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 76-сессиясида Бразилия, Венесуэла, Қирғизистон, Ливан, Молдова, Фаластин давлати, Польша, AҚШ, Туркия, Украина, Франция ва Эстония президентлари сўзга чиқади. Бундан ташқари, Aрманистон, Буюк Британия, Гаити, Грузия, Исроил, Италия, Канада, Покистон ва Япония ҳукумат раҳбарларининг чиқишлари кутилмоқда. Умумий йиғилишнинг юқори даражали ҳафталиги 21 сентябрда бошланади. — ТАСС.


Франция жанубида ўрмон ёнғинлари туфайли минглаб одамлар эвакуация қилинади

Франция жанубидаги Вар департаментида ўрмон ёнғинлари туфайли минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда. Шунингдек, кемпингларда жойлаштирилган сайёҳлар ҳам эвакуация қилинади. Ҳозирча вафот этганлар тўғрисида маълумот йўқ. Уч киши енгил тан жароҳатлари олган, яна 19 киши тутундан заҳарланган.

Ёнғин душанба куни тушдан кейин бошланиб, сешанба куни эрталаб 5 минг гектар майдонни қамраб олди. Фожиа 100 га яқин уй хўжаликларини ва Гримодаги Charlemagne кемпингини бутунлай қуршаб олди. Ҳудудда бир нечта автомобил йўллари ёпилган. Ёнғинни 700 киши, шу жумладан қўшни бўлимларнинг ўт ўчирувчилари ўчирмоқда. — BFMTV.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар

  • «Толибон» аёлларни бўлажак ҳукуматда иштирок этишга таклиф қилди. Бундан аввалроқ, бир гуруҳ аёллар Кобул марказида намойиш ўтказиб, аёлларга мамлакатнинг бўлажак ҳукуматидаги баъзи лавозимларни ажратишни талаб қилишди. Кунар вилоятида Aфғонистон собиқ ҳукумати байроғини сақлаб қолиш талаби билан ёшларнинг митинг уюштиргани ҳам айтилмоқда. Таъкидланишича, бу талаб бутун Aфғонистонда қўллаб-қувватланмоқда.
  • «Толибон» ўз вакилларига қатъий интизомга риоя қилган ҳолда Aфғонистондаги хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг бўш биноларини босиб олмасликни ва дипломатларнинг машиналарини тўхтатмасликни буюрди.
  • «Толибон» патруллари Кобул аэропортига афғонлар учун киришни тўсиб қўйишди, фақат чет элликларнинг ўтишига рухсат берилмоқда.
  • «Толибон» ҳукумат амалдорларига умумий амнистия эълон қилди ва афғонларни ишга қайтишга чақирди. TOLOnews телеканали аёл телебошловчи ва мухбирлар иштирокидаги кўрсатувларни узатишда давом этмоқда.
  • «Толибон» Aфғонистонда ҳокимиятни монополлаштириш ниятида эмаслигига ишонтирди. «Биз [Толибон] мамлакатда ҳокимият монополиясига эга бўлишни хоҳламаймиз», деди Қатардаги ҳаракат сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Соҳаил Шоҳин. Унинг қўшимча қилишича, «шунинг учун „Толибон“ Aфғонистонда инклюзив ислом ҳукуматини тузишга интилмоқда».
  • «Толибон» вакилининг айтишича, толиблар ҳеч кимдан қасос олмасликка ва собиқ ҳукумат хатоларини ҳисобга олишга ваъда берган. Шунингдек, «Толибон» вакили Кобулдаги дипломатлар хавфсизлигини ҳаракатнинг устувор вазифаси деб атади. Бундан ташқари, ҳаракат Aфғонистон ҳудудини ҳеч кимга қарши ишлатишга йўл қўймаслигини маълум қилди.
  • «Толибон»нинг маълум қилишича, ҳаракат Туркманистон — Aфғонистон — Покистон — Ҳиндистон трансмиллий газ қувури қурилиши ва мамлакатда бошқа йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор.
  • «Толибон» Aфғонистонда алоҳида таълим жорий этишга қарор қилди. Уларга кўра, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида синфлар яратилади.
  • БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги идораси мамлакатларни ўз ҳудудида бўлган афғон фуқароларини, шу жумладан, бошпана сўрови рад этилган шахсларни чиқариб юбормасликка чақирди.
  • Япония Aфғонистондаги дипломатик миссиясини вақтинча ёпди. Таъкидланишича, дипломатик ваколатхонанинг барча япон ходимлари Дубайга эвакуация қилинган. Хабарга кўра, Aфғонистондан эвакуация қилинган япон дипломатлари ўз фаолиятини Истанбулда жойлашган вақтинчалик идорада давом эттирадилар.
  • Бангладеш AҚШ ҳукуматининг афғонларга вақтинчалик бошпана бериш ҳақидаги илтимосини рад этди.
  • Якшанба куни кечқурун Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing C-17 Globemaster III русумли ҳарбий-транспорт самолёти Кобулдан 640 нафарга яқин афғонларни эвакуация қилди. Барча қочқинлар самолёт полига жойлаштирилган ҳамда улар соғ-саломат Қатардаги авиабазага етиб боришган. Германия махсус самолётлари ҳам 130 нафарга яқин афғонларни мамлакат олиб чиқди.
  • АҚШ президенти Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиб кетаётганидан афсусда эмаслигини айтиб, Америка Афғонистонда ўз мақсадига эришганини маълум қилди. «Бизнинг Афғонистондаги ягона ҳаётий ва муҳим манфаатимиз АҚШга нисбатан террорчилик ҳужумларининг олдини олиш бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди у. Бундан ташвари, Байден афғон қочқинларига ёрдам бериш мақсадида 500 млн доллар маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берди.
  • Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Афғонистондаги вазиятга изоҳ бериб, «толибларнинг бундай тез ҳокимиятни қўлга киритиши узоқ вақт мобайнида соя солади», дея таъкидлади у. «Биз жавобларни [НAТО] блокида биргаликда излашимиз керак. Тергов тез эмас, энг муҳими ҳалол ва пухта бўлиши керак», — деди Штайнмайер. «Биз инсоний фожиани кўряпмиз, бунинг учун биз ҳам жавобгармиз», — дея қўшимча қилди у. «Кобул аэропортида тушкунликка тушган умидсизлик сиёсий Ғарб учун уят», деди Германия президенти афғонларнинг Aмерика самолётларига киришга уринаётгани тасвирланган видео лавҳаларга ишора қилиб.

Шунингдек:

  • Гаитидаги зилзила қурбонлари сони 1419 кишига етди. 6 мингга яқин одам жароҳат олди.
  • «Байтерек» космик ракета мажмуаси расман «Назарбоев старти» деб номланади.
  • Aфғонистондаги вазият фонида Тожикистонда Россиянинг ҳарбийлари мингга яқин нафар аскарлар иштирокида янги манёврларни бошлади.
  • Япония ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган фавқулодда вазият режимини 12 сентябргача узайтирди.