АҚШ президенти Жо Байден Афғонистон можароси юзасидан Оқ уйда қилган илк телемурожаатида Америка Афғонистонда ўз мақсадига эришганини маълум қилди.

«Бизнинг Афғонистондаги миссиямиз ҳеч қачон миллат қуриш бўлмаган, ягона, марказлашган демократия яратиш бўлмаслиги ҳам керак эди. Бизнинг Афғонистондаги ягона ҳаётий ва муҳим манфаатимиз АҚШга нисбатан террорчилик ҳужумларининг олдини олиш бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди Байден.

У Афғонистон ўзи учун курашмаса, америкаликлар улар учун курашмаслиги ва бу қароридан афсусланмаётганини таъкидлади. «Ушбу мамлакат ҳукумати қочиб кетди, армия эса муваффақиятсизликка учради», — деди АҚШ етакчиси.

Sputnik`нинг Пентагонга таяниб ёзишича, АҚШ ўзининг ҳудудида 20−22 минг афғонистонлик қочқинларни қабул қилиш учун учта авиабазада жой ҳозирламоқда. Қолаверса, Қобулдаги халқаро аэропорт ўз фаолиятини тиклаши маълум қилинди.