2019 йил июль ойида Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ йўл ҳаракати қоидабузарликлари тўғрисидаги видео ёзувларни қабул қилиш учун махсус веб-сайтни ишга туширди: video.yhxbb.uz. Видеони юбориш орқали ҳуқуқбузардан йиғилган жарима миқдори ҳисобидан БҲМнинг 5% миқдорида мукофот пули олиш мумкин. Хоҳишга қараб, пулни хайрия ишларига ўтказса ҳам бўлади.

2021 йил 1 январга қадар ЙҲХББ фақат автомобиль видеорегистраторларида ёзиб олинган қоидабузарликлар ёзувларни қабул қилди. Аммо энди ҳар қандай видео ёзиш мосламасидан, жумладан, видеокузатув камералари ва мобил телефонларда ҳам олинган видеоларни юклаш мумкин.

«Газета.uz» йўл ҳаракати қоидабузарликлари қайд этилган видео ёзувни юбориш ва мукофот пулини олиш бўйича батафсил қўлланмани олдинроқ тақдим этган эди.


10 август ҳолатига кўра, сайтдаги статистик маълумотларга кўра, 470 мингга яқин қоидабузарлик юкланган, шундан деярли 165 мингтаси рад этилган. Демак, ДЙҲХХ маъмурий инспекторлари ўртача олганда ҳар учинчи қоидабузарликни рад этишади.

Бунинг асосли сабаблари борлиги тушунарли — видео сифатининг пастлиги, машина рақамининг кўринмаслиги ва бошқалар. Аммо баъзида ходимларнинг қарорлари саволлар туғдиради: инспекторлар юкланган видеога қўйиладиган барча талаблар бажарилган тақдирда ҳам ёзувни рад қилишлари, оғирроқ жазо ўрнига енгилроқ жазо қўллашлари ёки ҳатто видеоёзувдаги қоидабузарликни «сезмасликлари» ҳам мумкин. Бундан ташқари, видеоларни кўриб чиқишда бир қатор бошқа муаммоларни ҳам учратиш мумкин.

Видеоёзувларни кўриб чиқиш муддатининг чўзилиши

Ҳукумат томонидан тасдиқланган видеоёзувларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ДЙҲХХ маъмурий инспекторлари 3 кун ичида видеоларни кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши керак. Қабул қилинган қарор ҳақидаги жавоб видеони юклаган шахсга электрон шаклда 15 кун ичида берилиши керак.

Аммо амалда низом тизимли равишда бузилади, кўриб чиқиш муддати эса 14 кунгача чўзилиши мумкин.


19 июль куни юкланган қоидабузарлик видеоси 12 кун давомида кўриб чиқилган.


23 июлда юкланган яна бир видео фақат 10 кундан кейин — 2 августда кўриб чиқилган.


Бу ҳолатни таътил пайтида ходимлар сонининг камайиши билан боғлаш мумкин, лекин май ойида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.


Бу ерда кўриб чиқиш учун 13 кун керак бўлган.


Бу ҳолатда инспекторлар қоидабузарликни 14 кун давомида кўриб чиқишган.

Шунга ўхшаш 8 кун ва 10 кунгача мурожаатларни кўриб чиқиш март ойида, ҳатто февралда 5 кунга чўзилиши кузатилди.

Афсонавий «етказилмади» статуси

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган баъзи видеолар ДЙҲХХ маъмурий инспектори томонидан кўриб чиқилгандан сўнг «етказилмади» статусини олади.

video.yhxbb.uz сайтидаги йўриқномага кўра, бу статус қоидабузарлик тўғрисидаги маълумот техник муаммолар туфайли «Маъмурий амалиёт» тизимига қарор шакллантириш учун юборилмай қолганлигини билдиради.

Лекин, амалда, бир марта бундай статусни олган ариза ўз статусини бошқа ўзгартирмайди ва «техник муаммолар» шу ҳолича доимий қолади. Натижада, ЙҲҚ бузилиши маъмурий инспектор томонидан тасдиқланади, лекин қабул қилинган қарор манзилига етиб бормайди ва айбдор жарима билан жазоланмайди.


Бундай статусни махсус серияли давлат рақами бўлган хизмат автомобилларининг ҳайдовчилари томонидан содир этилган қоидабузарликлар тасвирланган видеоёзувлар олиши мумкин.

Масалан, олдинда турган автомобилни йўлнинг қарама-қарши томонидан қувиб ўтиш ва бунинг учун жазоланмаслик мумкин.


20 дақиқадан сўнг эса назорат қилинмаётган пиёдалар ўтиш жойида болаларга йўл бермасдан яна қоидани бузиш ва жазосиз қолиш мумкин.


Оғир жазоларни енгилроқлари билан алмаштириш

Видеоёзувларда инспекторлар катта миқдордаги жаримали қоидабузарлик ўрнига жазоси енгилроқ бўлган элементларни топиш ҳолатлари ҳам кам эмас.

Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, иккиталик қалин чизиқ (1.3) тўрт ёки ундан кўпроқ «полосали» йўлларда қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратиб туради. Шунинг учун, уни кесиб ўтиш, қарама-қарши келаётган транспорт учун мўлжалланган йўлга чиқиб кетишш деб талқин қилиниши керак.

Аммо инспекторлар кўпинча иккиталик қалин чизиқнинг кесиб ўтилишини оддий чизиқ қоидаларини бузиш деб изоҳлайдилар. Ва 10 БҲМ миқдоридаги жарима ўрнига қоидабузар фақат 0,5 БҲМ жаримага тортилади.

Масалан, қарама-қарши томондан келаётган транспорт учун мўлжалланган ҳаракат қисми орқали бошқа автомобилни қувиб ўтиш ва фақат чизиқни бузганлик учун жарима олиш мумкин.


Ёки, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратадиган ва йўлларнинг хавфли жойларида ҳаракатланиш бўлаклари чегараларини белгилайдиган белги чизиғини (1.1) кесиб ўтиб, қарама-қарши йўналиш учун мўлжалланган йўлдан автомобилларни қувиб ўтиш ва минимал жарима билан қутилиб қолиш мумкин.


Шунингдек, бир вақтнинг ўзида иккита йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда, светофорнинг тақиқловчи белгисига тўхтаган транспорт оқимини қарама-қарши томондан қувиб ўтиш ва чизиқ қоидаларини бузганлик учун минимал жазо олиш мумкин.


Қуйидаги видеоэпизодда йўлда аниқ кўриниб турган иккиталик қалин чизиқ белгиси бор, уни кесиб ўтиб, чапга бурилиш мумкин эмас. Бироқ, бу Gentra ҳайдовчисининг қарама-қарши ҳаракат учун мўлжалланган йўлдан ҳайдашга, чизиқни кесиб ўтишга ва чапга бурилишга тўсқинлик қилмади. Инспектор БҲМнинг ярми миқдоридаги жарима билан оддий чизиқ қоидасининг бузилиши тўғрисида қарор чиқарди.


Кўриниб турибдики, белги қоидаларини бузиш — бу ҳар қандай ҳолатга мос келадиган инспекторларнинг универсал ҳукмидир. Қуйидаги видеода Epica ҳайдовчиси йўлчироқнинг тақиқловчи белгисига ўтиб кетгани кўрсатилган. Қоидабузарликни кўриб чиқаётган инспектор бу ерда фақат белги қоидаси бузилишини кўради. 2 БҲМ жаримаси ўрнига, ҳайдовчи қизил чироқда ҳаракат қилгани учун атиги 0,5 БҲМ тўлайди.


Инспекторлар томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг яққол бузилганлигининг рад этилиши

Баъзида ДЙҲХХ маъмурий инспекторлари «Тақдим этилган видеода маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари етарли эмас» деган сабаб билан йўл ҳаракати қоидабузарликлари яққол акс этган видеоёзувларни рад этишади.

Масалан, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи қалин чизиқни босиб ўтиш ва «Қувиб ўтиш» мумкин эмас белгиси ҳудудида транспорт воситасини қувиб ўтиш мумкин, лекин бу қоидабузарлик деб ҳисобланмайди.


Бу ерда светофор ишлайди, фазаларнинг ўзгариши ва тескари таймер вақти яққол кўринган. Иккита ҳайдовчилар светофорнинг тақиқловчи белгисига ўтиб кетишди, лекин инспектор «Светофорлар тўлиқ ёнмаяпти. Светофорларнинг тўғри ишлаши кўринмаяпти» сабаби билан қоидабузарликни рад қилди. Унда, светофорларнинг тўғри ишлаши қандай бўлади?


Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, «Ҳаракат олдинга» йўл белгиси (4.1.1) унинг олдида ўрнатилган ҳаракатланиш бўлакларининг кесишмасига тегишли. Ушбу белги бўлган ерда орқага бурилиш тақиқланади. Аммо инспектор жазо учун асос етарли эмас деб ҳисоблади.


Қуйидаги мисолда, асосий ва қарама-қарши томондаги дублёр светофорларда сигналлар аниқ ишлаши кўринган. Инспектор бу фикрга қўшилмади ва қоидабузарликни рад этди. Қизил чироққа ўтиб кетган уч нафар ҳайдовчи жазосиз қолди.


Йўл ҳаракати қоидалари ва қоидабузарликлар ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқиш тўғрисидаги низомни эркин талқин қилиш

Инспекторларнинг қарорларига қараганда бир вақтнинг ўзида қоида бузиш ҳолати бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Қуйидаги видеолар битта ҳолатнинг иккита кетма-кет фрагментлари.

Тошкент, Ҳарбий госпиталь ҳудудидаги кичик автомобиль ҳалқа йўли, қонунга бўйсунувчи ҳайдовчилар тирбандликда туришибди. Аммо уларнинг уддабурон биродарлари ажратиш чизиғи бўйлаб тирбандликни қувиб ўтишга қарор қилишди. Биринчи қисмда инспекторлар ҳаммани айбдор деб ҳисоблашди ва БҲМнинг ярми миқдорида жарима тўғрисида қарор қабул қилишди.


Шунга ўхшаш кейинги қисмда эса қонунбузарлар топилмади.


Натижада, бир савол жавобсиз қолмоқда — видеода тасвирланган ҳолат йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишими ёки йўқми?

Видеоёзувларни кўриб чиқаётган инспекторлар қоидабузарликларни ўйлаб топилган баҳона билан осонликча рад этиши ва вазиятни ўз хоҳишига кўра талқин қилиши мумкин.

Қуйидаги видеодан кўриниб турибдики, ҳайдовчи светофорга яқинлашганда унинг милтилловчи рухсат белгисида ўчиб кетган тўхташ чизиғини олд ғилдираклари билан кесиб ўтганидан сўнг тўхтаган.

ЙҲҚнинг 15.2-бандида шундай дейилган: олдиндаги тирбандлик туфайли тўхташга мажбур бўлган ҳайдовчи, агар бу транспорт воситаларининг кўндаланг йўналишда ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, қатнов қисмининг кесишиши ёки кесишмасига кирмаслиги керак. Шундай қилиб, ҳайдовчи ушбу бандга риоя қилиш мақсадида тўхтади.

Светофорнинг тақиқловчи белгиси тўрт ҳайдовчига тўсқинлик қилмади, лекин инспектор «Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда, видео тақдим этинг» баҳонаси билан видеодаги қоидабузарликни рад этди. Одамнинг инспекторга савол бергиси келади: видеони юклаган ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларининг айнан қайси бандини бузган? Агар у йўл ҳаракати қоидаларини бузган бўлса ҳам, бу қандай ва қайси асосда бошқа ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларини рад этишга сабаб бўлиши мумкин?


Бу йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга мўлжалланган тизим ҳар доим ҳам керакли даражада ишламаслигига баъзи мисоллар холос.

Биргина 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонда 6982 ЙТҲ қайд этилган, шундан 1689 таси ҳалокатли бўлиб, уларда 1962 киши вафот этган.

Одамларнинг бир қисми йўл ҳаракати қоидаларини бузганда, бошқалари бунга кўз юмаётган бир пайтда мамлакатда энг асосий тийиб турувчи омиллардан бири — жазонинг муқаррарлиги ишламай қолади.