Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг шимолий вилоятларида юз берган сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани, бинолар ва инфратузилма объектларига катта зиён етгани муносабати билан Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бутун Туркия халқига, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатланганларга ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради.

Маълумот учун, TRT Haberнинг хабар беришича, айни вақтда мамлакат шимолида кузатилаётган сел фалокати натижасида ҳалок бўлганлар сони 71 нафарга етди. Жумладан, Кастамонуда 60, Синопда 10 ва Бартин вилоятида 1 киши ҳаётдан кўз юмган, Синоп ва Кастамонуда 47 киши бедарак йўқолган. Табиий офат ҳудудларидан 2300 дан зиёд фуқаро эвакуация қилинган.