Халқаро коалиция қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишидан кейин вазиятнинг кескинлашуви кутилмаган воқеа бўлмади. Ушбу мамлакатда сўнгги ўн йилликлар давомида ягона давлатчилик мавжуд эмас эди, унинг ҳудудлари турли хил кучлар тасарруфида бўлиб, бўлиниб кетган эди. Шунинг учун афғон давлатчилигининг тўлақонли таназзули фақат вақтни талаб қиларди.

Афғон ҳукуматининг таназзулга учраши маҳаллий медиа маконда «давр ҳодисаси» сифатида ёритилган, июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференциядан роппа-роса бир ой ўтиб содир бўлаётганлиги қизиқ тасодиф. Бу Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш — у ёки бу мамлакатда ташкил этиладиган кўп сонли анжуманлардан кўра ўта оғир ва кўпроқ омилларни талаб қилувчи жараён эканлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви Тошкентнинг айниқса 2016 йилдан кейин фаоллашган афғон масалалари бўйича ташаббусларига катта хавф туғдиради. Бироқ худди биринчи ташаббуслар мавсумига ўхшаб, иккинчи мавсумдаги ташаббуслар ҳам ҳозирча фақат кенг миқёсли ва медиа учун ғоялар билан тўлдирилган, уларни эса ҳамма вақт ҳам амалиётда тадбиқ этиб бўлмаслиги мумкин. Улар мамлакат имиджини оширишга яхши хизмат қилди, лекин ҳозирча улар аниқ бир натижалар бергани йўқ.

Аммо, шуни тан олиш лозимки, Ўзбекистондан афғон масалалри бўйича оламшумул натижаларга эришишни талаб қилиш ҳам мантиққа зид. На Ўзбекистон, на Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ушбу мамлакатдаги воқеалар ривожига таъсир кўрсата олмайди.

Шунга қарамасдан, бу мамлакат ташқи сиёсатининг ушбу йўналиши ҳақида ўйламаслик керак дегани эмас. Афғон омили расмий Тошкент маҳаллий даражада ҳам, минтақавий даражада ҳам тўқнаш келадиган қатор жиддий хатарларни ўз ичига олади. Биринчи навбатда, хавфсизлик масалалари. Афғон ҳарбийлари ва фуқароларидан иборат қочқинлар оқими ва яқин келажакда толиблар билан чегаравий алоқаларни ўрнатиш зарурияти туғилиши — буларнинг барчаси чегаравий ҳудудларда вазият кескинлашувига олиб келиши мумкин.

Расмий ҳокимиятнинг қулаши сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган барча лойиҳалар (иқтисодий, инфратузилмавий, транспорт ва бошқалар) бўйича келишувларга хавф солади. Юртимиздаги ижтимоий барқарорлик ҳам хавф остида қолиши мумкин. Қочқинларнинг мамлакат ҳудудига жойлаштирилиши (ҳозирча эҳтимолий бўлса ҳам) ҳар доим жамиятда кескинликни келтириб чиқариш хавфи бор.

Минтақа миқёсида «Толибон»нинг ҳокимиятга қайтиши Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг бир қисми эканлиги ҳақидаги назарияларни ва уни минтақавий жараёнларга интеграция қилиш бўйича чорловларни кун тартибидан бутунлай чиқартириб ташлаши керак. Афғонистонни минтақага сунъий равишда қўшиш бўйича ҳаракатлар — айниқса ушбу ғоянинг Марказий Осиё сиёсий элиталари ўртасида оммалашуви ҳолатида — шундоқ ҳам оқсоқланаётган интеграция жараёнига салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, барқарор давлатчилиги бўлмаган ва зўрға тузилган ҳокимият институтлари ташқи кучлар ёрдамисиз тезда таназзулга учрайдиган бир парча ҳудудни минтақавий жараёнларга жалб қилишга уриниш бефойда.

Ушбу мамлакатдаги эҳтимолий гуманитар инқироз минтақа учун ўзига хос синов бўлади, шунингдек, бирдамлик ҳам синовлардан ўтади. Афғон муаммоси — фақатгина ушбу мамлакат билан қўшни давлатларнинг эмас, балки бутун минтақанинг муаммоси эканлигини ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлиги уларнинг шахсий чегараларида эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегараларида бошланишини тушуниш лозим.

Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича умумий позицияни шакллантиришни ўйлашса мақсадга мувофиқ бўларди. Қўшма лойиҳаларни қандай қилиб ва қайси соҳаларда амалга ошириш бўйича биргаликда қарорга келиш ҳамда «Марказий Осиё-Афғонистон» ҳамкорлик форматининг асосларини яратиш зарур. Ўз ўрнида, Марказий Осиё-Афғонистон ҳамкорлик формати афғон ҳукумати (ҳар қандай кўринишдаги) фақат айрим ҳудудларни эмас, балки бутун мамлакат ҳудудини назорат қилгандагина самара беради.

Расмий Тошкент эса Афғонистон бўйича сиёсатини прагматик тарзда олиб бориб, ташқи эффектга йўналтирилган ғоялардан воз кечиши керак. У ёки бу сиёсий ёки этник гуруҳ томонида турмасдан, жараёнларга аралашмаслик сиёсатини давом эттириш мантиқан тўғри бўлади. Мамлакат Афғонистон билан алоқаларда ўз манфаатларини максимал равишда аниқлаб олиши ва легитим мақомга эга ҳар қандай ҳукумат бўлганда ҳам уларни амалга оширишга уриниши лозим.

Ихтилофдаги томонлардан фақат биттасига эътибор бериш ёки турли кучлар зиддиятидан фойдаланишга уринишлар Афғонистонда иттифоқдошларни йўқотилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун, Ўзбекистон ҳудудида музокараларни ўтказиш ғояси самарали туюлади, лекин уни бир четга суриб қўйган афзал, бошқа давлат бундай даражадаги дипломатик манёврларни амалга ошираверсин.

Толиблар билан музокаралар каби нозикроқ мавзу ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда ахлоқий томонларни қидириш мантиққа тўғри келмайди. Миллий манфаатлар ва давлат хавфсизлиги манфаатлари вақти-вақти билан турли хил одамлар билан гаплашиш ва келишувга эришиш қобилиятини талаб қилади. Толиблар — Афғонистон реаллиги, на қўшни мамлакатлар, на халқаро ҳамжамият буни инкор эта олмайди. Шундай экан, улар билан мулоқот қилишга тўғри келади — камида, ушбу ҳаракатнинг турли гуруҳлари ичидаги кайфиятни ўрганиш учун, кўпи билан эса, қизил чизиқларни белгилаш ва қандайдир бўлса ҳам кафолатлар олиш учун. Умуман олганда, ҳозир халқаро ҳамжамиятнинг толиблар билан деярли глобал (қимларга бўлинган бўлса-да) диалогида иштирок этаётган барча шу билан шуғулланишга ҳаракат қилмоқда.

Сўнгги йилларда «Толибон» бир неча маротаба минтақа мамлакатларига экспансия қилиш режаси йўқлигини таъкидлаган эди. Бироқ, биринчидан, минтақа чегараларидаги ҳарбий тўқнашув (юзага келган тақдирда) — бу ҳар доим дестабилизация қилувчи омил. Иккинчидан, толибларнинг ягона тузилма эканлиги ҳақидаги гаплар шубҳа уйғотади. Тарих бир неча маротаба ушбу ҳаракатнинг турли гуруҳларида бир-биридан фарқ қилувчи режалар борлигини кўрсатган. Учинчидан, режалар ўзгармаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Қуролланган радикал оломонга тўлақонли ишониш — жуда содда ғоя.

Толибларнинг ҳар қандай баёнотлари ва кафолатларининг ишончли ёки ишончли эмаслигини улар ҳокимиятни тўлиқ эгаллаганидан сўнг биламиз. Чунки фақат ҳокимиятга келибгина, толиблар мамлакатда назоратни ушлаб қолиш ва ўз режимининг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш учун ресурс қидириш керак бўлган ҳолатга тушади.

Фақат шундан кейингина толибларнинг ҳақиқий кун тартиби аниқлашади ва ҳозир улар музокараларда бераётган ваъдаларга тўғри баҳо бериш мумкин бўлади. Агарда улар ўзининг биринчи ҳукмронлиги давридаги каби ҳаракат қилишга қарор қилишса, уларнинг атрофидаги барчани катта муаммолар кутиб турибди. Агар ҳаракат таркибида прагматик фикрлайдиган вакиллар бўлса, улар ҳокимиятни эгаллаб, ўзларига хос жанговарликсиз ташқи дунё билан муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилишади. Энг ёмон сценарий эса, «Толибон» ҳокимиятга келгандан кейин ҳаракат ичидаги гуруҳларнинг бир-бирига қарши тўқнашувлари бошланиб кетиб, бу мамлакатда «барча барчага қарши» тамойилидаги урушга олиб келиши.

Ҳозирча Афғонистон давлат сифатида қандай ривожланиши ноаниқ. Бу нафақат жанг майдонида, балки мамлакатдаги сиёсий гуруҳларнинг ташқи раҳнамолари ўртасидаги музокаралар жараёнида, шунингдек жараёнларга ташқи аралашувнинг, шу жумладан ҳарбий, фаоллик даражаси билан ҳам белгиланади.

Америкаликлар ва халқаро коалиция афғон армиясини яхши тайёрламаганми ёки армия машқларни шунчаки ўзлаштирмаганми — бу энди муҳим эмас. Афғонистонда ўтириш расмий Вашингтоннинг жонига текканлиги аниқ, ва энди у ерда рўй берадиган барча ҳодисалар халқаро ҳамжамиятнинг жим розилиги (ёки платоник эътирози) билан рўй беради.

Шунинг учун Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари олдида қийин дипломатик манёврларни амалга ошириш вазифаси турибди. Бир томондан, Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви натижасида минтақа таназзулга юз тутиши ҳақида гапирадиган ахборот хуружларига ишониб қолмаслик керак. Иккинчи томондан эса, иложи борича оқилона ва аниқ, амалга оширса бўладиган (!) иқтисодий лойиҳаларга йўналтирилган сиёсат юритиш, шунингдек фақатгина пиар мақсадида ечими учун на сиёсий, на молиявий манбалар бўлмаган масалаларга аралашишдан тийилиш керак.

Ва энг асосийси, толиблар билан диалог олиб борганда, жамоатчиликка ушбу чора мажбурий эканлиги ҳамда бу уларнинг мафкурасини ва жамиятни бошқариш услубларини оммалаштириш учун сабаб бўлмаслиги ҳақида аниқ тушунча бериш керак. Бутун минтақа учун толибларнинг Афғонистонда ҳокимият тепасига келиши эмас, балки жамият онгининг «толибонлашуви» ва уларнинг узоқ йиллардан бери ўз халқини террор қилаётган экстремистлардан адолатли ва оқилона жамият тузишга интилаётган қаҳрамонларга айлантирилиши тўғридан-тўғри хавф туғдиради.

Юрий Саруханян — Халқаро муносабатлар соҳаси бўйича мутахассис. «Серия пенальти» Telegram-канали муаллифи.