26 июль куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Жаҳонгир Отажоновга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқди.

Июнь охирида санъаткор ЙҲХБ ходими автомобилини жарима майдончасига жойлаштирганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у 9 кундан бери ҳуқуқбузарлик қайд этилган баённомани ололмаган. Ўшанда Жаҳонгир Отажонов мазкур ҳолатни давлат раҳбарининг сиёсати билан боғлаган эди. У шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан норози эканлигини билдириб, ИИББ ва ИИВ ходимларини «давлат ва халқ хоинлари», қолаверса, «ҳароми» деб атаган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ Жаҳонгир Отажоновнинг видеомурожаатида айтган гапларида МжТКнинг 41 моддасига кўра, ҳақорат аломатлари бор деб топиб, иш бўйича тўпланган ҳужжатларни судга оширган эди.

Тошкент шаҳар судларининг матбуот хизмати хабарига кўра, судья Темиржон Юсупов раислигида ишни кўриб чиқиш давомида қўшиқчи ИИББ ЙҲХБ ходими Ш. Сайфуддинов ва ИИО ФМБнинг бошқа ходимларини ҳақоратлаганини тан олган.

«Ҳозирда айбимга тўлиқ иқрорман, қилган ишимдан пушаймонман. Ўзимга тегишли хулоса қилдим», дея ИИО ФМБ ходимларидан кечирим сўраганлигини маълум қилиб, суддан енгиллик беришни сўради", — дея Жаҳонгир Отажоновнинг сўзларидан иқтибос келтирилган.

Суд ҳуқуқбузар унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, унинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддасида (ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб ҳисоблади. Бироқ, якунда судья уни МЖтКнинг 21-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилиб, огоҳлантириш билан кифояланишни лозим топди.

Эслатиб ўтамиз, ўз хонандалик фаолиятини якунлаганини ва президентлик сайловида қатнашиш режаси борлигини маълум қилган Жаҳонгир Отажонов 11 июль куни онаси норози бўлгани сабабли сиёсатдан кетишини эълон қилди. У жорий йил охирида концерт беришни режалаштираётганини айтиб ўтди.