Олмалиқ шаҳрида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўлгани юзасидан Санитария ва эпидемиология бошқармаси изоҳ берди, дея маълум қилди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида, ҳақиқатан ҳам З6 нафар бемор шу ташхис билан ётқизилган.

Таъкидланишича, бугунги кун ҳолатига уларнинг 31 нафарига аҳволи яхши бўлгани сабабли, уйига рухсат берилган. Яна беш нафар бемор даволанишда, аҳволи ўртача.

Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига шу ташхис билан ётқизилган 1З нафар бемор мавжуд. Айни пайтда уларнинг ҳолати ўртача оғир, муолажалар давом этирилаётгани қайд этилди.

Аниқланишича, ҳақиқатан ҳам, хусусий тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқ бу вазиятга сабабчи бўлган ва бу тадбиркорлик субъекти Олмалиқ шаҳрида жойлашган.

Айни пайтда вазият юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли хулосалар мутасаддиларга берилган. Эпидемиологик суриштирувлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, Олмалиқ шаҳрида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.