БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистондаги «Толибон» ва барча томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги ва гуманитар ёрдам етказиб бериш имкониятини таъминлаш учун максимал даражада босиқ бўлишга чақирди.

«Можаро юз минглаб одамларни уйларини тарк этишга мажбур қилмоқда. Жанглардан зарар кўрган жамоаларда жиддий инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида хабарлар келиши давом этмоқда», — дейди БМТ раҳбари номидан унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик.

Бош котиб «Толибон» ва барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишга, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга ва ҳурмат қилишга чақирди.

«Бош котиб, айниқса, аёллар ва қизларнинг келажагидан хавотирда. Уларнинг катта машаққат билан қўлга киритилган ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак», — дейилади баёнотда.

БМТ, шунингдек, муҳтож бўлган барча афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

«Бош котиб барча томонларни гуманитар ташкилотларга ҳаётий зарур бўлган ёрдамни ўз вақтида етказиш учун тўсиқсиз киришини таъминлашга чақиради», — дейилади БМТ вакили баёнотида.

16-август, душанба куни БМТ раҳбари Афғонистондаги вазият бўйича Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари йиғилишида нутқ сўзлайди.