Малайзия бош вазири Муҳиддин Яссин истеъфога чиқишини эълон қилди

Малайзия бош вазири Муҳиддин Яссин парламент мухолифати билан музокаралар муваффақиятсиз тугагани сабабли истеъфога чиқишини эълон қилди. «Мен парламентдаги кўпчиликнинг қўллаб-қувватловидан айрилганим учун кетаяпман», деди у. Қироллик саройи баёнотида кўрсатилишича, «олий раҳбар истеъфони қабул қилди, лекин Муҳиддин янги бош вазир тасдиқлангунга қадар вақтинча ҳукумат раҳбари вазифасини бажаради». «Ҳозирги вақтда олий раҳбар парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишни режалаштирмаяпти», дейилади баёнотда.

Ой бошида мамлакатнинг энг йирик «Бирлашган малай миллий ташкилоти» партиясининг баъзи депутатлари ҳукуматга ишончсизлик билдирганидан сўнг ҳукумат раҳбари парламентдаги кўпчиликнинг қўллаб-қувватловидан айрилгани маълум бўлди. Бундан аввалроқ бутун Малайзия ҳукумати истеъфога чиқиш тўғрисида олий раҳбар (қирол) Абдулло Ал-Мустафога эълон қилган эди. — ТАСС.


Россия бўйлаб табиий офатлар

Россиянинг Якутия ўлкасида (Саха Республикаси) ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Мавсум бошидан буён республикада 1,3 мингдан ортиқ ўрмон ёнғини қайд этилган. Ҳудудда «минтақалараро фавқулодда режим» жорий қилинди. «Рослесхоз» маълумотларига кўра, 2021 йил бошидан буён фожиа 7 млн гектардан ортиқ ўрмонни йўқ қилди — бу Ирландия ёки Грузия майдонига тенг. Америка космик агенлигининг (NASA) хабар беришича, август ойининг бошларида якут ёнғинларининг тутуни Шимолий қутбга қадар етиб борган.

Шу билан бирга, сув тошқини хавфи туфайли Краснодар ўлкасининг Қрим тумани маркази ва тўртта аҳоли пунктида фавқулодда режим жорий этилди. Аҳоли электр энергияси, сув ва газ таъминотидаги эҳтимолий узилишлардан огоҳлантирилди. Aввалроқ Кубаннинг 14 та муниципалитетида, хусусан, Қора денгиз соҳилидаги Aнапа, Геленжик, Новороссийск курорт шаҳарларида фавқулодда режим жорий этилган эди. Анападаги 20 дан ортиқ отель меҳмонлари эвакуация қилинди. Якшанба куни кечқурун вилоят ҳудудида 200 дан ортиқ уй хўжаликлари ва 1,9 мингдан ортиқ уйларга туташ ерларни сув босди.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар:

  • «Толибон»нинг айтишича, барча давлат хизматчилари — эркаклар ҳам, аёллар ҳам — ўз иш жойларига қайтишлари мумкин. «Дипломатик ваколатхоналар, ҳарбий базалар ва фуқаролик бўлимлари ходимлари ўз ишларини хавотирланмасдан давом эттириши мумкин», — деди ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси бошлиғи ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий. «Ҳеч кимнинг ҳуқуқлари бузилмайди. Aёллар ҳижоб кийиб ишлашлари мумкин», дея қўшимча қилди у.
  • Aфғонистон миллий махсус кучлари корпуси тарқатилган деб эълон қилинди. Корпуснинг барча ходимлари ишдан бўшатилди.
  • Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Aфғонистондаги вазият фонида ҳушёрликни кучайтириш чораларини кўрмоқда.
  • Тожикистон бортида 100дан ортиқ афғон ҳарбийлари бўлган самолётларнинг мамлакат жанубидаги Бўхтор шаҳрига қўнишига рухсат берди. «Тожикистонга SOS сигналлари келди, шундан сўнг, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ, афғон ҳарбийларига Бўхтор шаҳридаги аэропортда қўнишга рухсат беришга қарор қилинди», — деди Тожикистон ТИВ ахборот ва матбуот бошқармаси «Интерфакс»га.
  • Германия канцлери Aнгела Меркелнинг айтишича, мамлакат Aфғонистондан 10 минг кишини эвакуация қилиши керак. Унинг сўзларига кўра, буларга Германия билан ҳамкорлик қилган 2,5 минг афғон аҳолиси, шунингдек, адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва хавф остида бўлганларнинг ҳаммаси киради.
  • Германиянинг Lufthansa ва Франциянинг Air France авиакомпаниялари Афғонистон устидан парвозларни амалга оширишни тўхтатишга қарор қилишди. Бундай қарорга Россиянинг авиакомпаниялари ҳам келди. Бундан ташқари, Туркиянинг Turkish airlines компанияси Афғонистонга ва ундан режалаштирилган барча парвозларни тўхтатди.
  • Эронда ўнлаб (бошқа манбаларда юзлаб) афғон аёллари Aфғонистонда толибларнинг ҳокимият тепасига келишига қарши норозилик намойиши ўтказди. Митинг Қом шаҳрида Фотима Масумэ мақбараси олдидаги майдонда бўлиб ўтди. Аёллар Aфғонистон байроқлари ва плакатлар билан чиқиб, халқаро ҳамжамиятни ўз мамлакатларидаги вазиятга чора кўришга чақиришди. Таъкидланишича, Эронда дунёдаги энг катта афғон диаспораси жойлашган — у ерда 2,5 млнга яқин афғон истиқомат қилади.
  • Франция парламенти аъзоси, «Миллий бирлик» партияси раҳбари Марин Ле Пен исломий таҳдидга қарши курашиш учун Россия, Хитой, Европа Иттифоқи ва мусулмон давлатлари иштирокида кенг халқаро иттифоқ тузишга чақирди. Унингча, «Толибон Aфғонистонда ҳокимиятни қўлга киритиши террор хуружлари ва янги миграция тўлқинларини келтириб чиқаради». Француз сиёсатчисининг фикрига кўра, «AҚШ Жо Байден президентлиги даврида эркин дунё манфаатларини ҳимоя қила олмаслигини кўрсатади». НAТО, Ле Пеннинг таъкидлашича, «ўзининг ҳарбий муваффақиятсизлиги ва фойдасизлигини тан олди».
  • Бельгия афғон муҳожирларини депортация қилмасликка қарор қилди.
  • Финляндия, Швеция ва Швейцария мамлакатлари Кобулдаги ваколатхоналарининг барча ходимларини эвакуация қилди. Ҳозирда Австралия (200 га яқин) ва Филиппин (130 нафар) Афғонистондаги барча фуқароларини олиб чиқишга тайёргарлик кўришмоқда.
  • Кобул аэропортида юзлаб одамлар Афғонистондан учадиган сўнгги самолётларга тирмашиб чиқишаётгани акс этган видеолар тарқалди (видео). Улардан баъзилари самолётларнинг бортига, баъзилари эса тезликни ошираётган самолёт тагига қўллари билан илинмоқчи бўлганлар. Ҳозирда аэропортдаги ҳолатлардан сўнг бир неча киши ҳалок бўлган.
  • БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Афғонистондаги вазият бўйича муносабат билдириб, гуманитар ёрдам етказиб бериш имкониятини таъминлаш учун томонларни «максимал даражада босиқ бўлишга» чақирди. Шунингдек, бош котиб аёллар ва қизларнинг келажагидан хавотирда эканлиги таъкидлади. Душанба куни Афғонистондаги вазият бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилади.
  • «Толибон» ҳаракати вакиллари Al-Jazeera телеканали эфирида «Афғонистонда уруш тугаганлиги» ҳақида эълон қилди. Шунингдек, улар «ҳаракат ҳар бир қадамини масъулият билан босишини ва барча томонлар билан тинч муносабатларни сақлаш ниятида» эканлигини таъкидлашмоқда. Толиблар бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслигини қайд этди.
  • 60 дан ортиқ мамлакатлар қўшма баёнот билан чиқиб, чет элликлар ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлган афғон фуқароларини хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга чақирди.

Гаитидаги зилзила қурбонлари сони қарийб 1,3 минг кишига етди

5,7 мингдан ортиқ одам жароҳат олди. ОAВ маълумотларига кўра, кўплаб шаҳарлардаги шифохоналар беморлар билан тўлиб кетган, одамлар тез ёрдам ололмаяпти. Ярадорлар тиббиёт муассасалари олдидаги майсазорларга ётқизилмоқда. Аввалроқ Гаити қирғоқларида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Фото: Richard Pierrin/Getty Images

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: AP/ТАСС

Фото: AP/ТАСС