15 август куни Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокимлиги биноси атрофига ўрнатилган темир тўсиқлар олиб ташланди. Бу ҳақда туман маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.«Косон тумани ҳокимлиги фуқаролар билан ишлашда очиқлик ва ошкораликка доим амал қилиб келади. Бунга яқинда туман ҳокими кабинети халқ қабулхонасига айлантирилгани яққол мисол бўлади», — дейилади хабарда.

Қолаверса, ҳокимлик халқ билан ўртадаги ҳар қандай тўсиқни олиб ташлаш тарафдори эканини маълум қилди.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев айрим ҳокимликларни ҳалигача панжаралар билан ўралганини танқид қилган эди. Косон тумани ҳокимлиги эндиликда Косон тумани ҳокимлиги атрофида панжаралар ўрнатилмаслигига ишонч билдирди.

«Кичкинагина вилоят ташкилотлари, панжара, панжарадан кейин яна бир тўсиқ… Ўзи ҳеч нарса чиқмайди. Лекин биносини қўриқлаш керак. Кимдан қўриқлаяпсан, деб айтаман. Ўзингнинг фуқаронгданми?» — деб сўради Зойир Мирзаев.

«Нима учун ҳокимлик ёпиқ жой бўлиши керак? Мен ҳар доим вилоят маъмуриятига чақирилган ҳокимлардан олд эшикдан киришни талаб қиламан. Нима учун? Панжаралар йўқлигини кўришлари учун», — деди у.

Ҳоким февралдаёқ темир тўсиқларни олиб ташлаган Ғузор тумани ҳокимини мисол қилиб келтирди.

Чироқчи ҳокимлигини ўраб турган панжара. Фото: Chiroqchinews / Telegram.

Шанба куни вилоятнинг Nasafnews нашри Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Косон туманлари ҳам панжаралар билан ўраб қўйилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкентдаги кўплаб маъмурий бинолар атрофидаги панжаралар демонтаж қилинган эди. Пойтахт ва айрим туманлар ҳокимликлари ҳалигача панжаралар билан ўралган.